ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

Қонунчилик Ҳукумат қарор ва фармойишлари

ТАДБИРКОРЛАР УЧУН ЎҚУВ КУРСЛАРИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ ВА ЎТКАЗИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 18 апрелдаги ПҚ-2897-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раисига, зарурат бўлганда, ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида Марказ тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

2. Белгилансинки, қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

Марказнинг штатдаги ходимларига иш ҳақи учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июндаги 391-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармаси маблағларини шакллантириш, тақсимлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармасининг Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига тушадиган маблағлари (кейинги ўринларда Жамғарманинг Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига тушадиган маблағлари деб аталади);

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг бюджетдан ташқари фонди маблағлари;

халқаро молия ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг, хорижий ҳукумат ташкилотларининг грант маблағлари;

хўжалик фаолиятидан олинган маблағлар ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбаларнинг маблағлари.

3. Белгилаб қўйилсинки,

Марказ юридик шахс мақомига эга давлат муассасаси ҳисобланади ва мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзиладиган муҳрга эга бўлади;

аҳоли ва тадбиркорлар учун ўқув курслари Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан ташкил этилади;

Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан аҳоли ва тадбиркорлар учун ташкил этиладиган ўқув курсларига вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг мутахассисларини ўқитувчи сифатида жалб этиш тегишли вазирликлар, идоралар ва давлат ташкилотлари ҳамда Марказ ўртасида тузилган шартномага мувофиқ мутахассисларни юборган вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига ҳамда Марказ томонидан ҳақиқатда ўтказилган ўқув соатлари сонини тасдиқловчи маълумотларга кўра амалга оширилади;

Марказ ва унинг ҳудудий филиалларининг жорий харажатларини молиялаштириш (Марказнинг штатдаги ходимларига тўланадиган иш ҳақи харажатларидан ташқари) Жамғарманинг Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига тушадиган маблағлари ҳисобига амалга оширилади;

Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан ташкил этиладиган ўқув курслари тингловчилари учун ўқув материаллари, тарқатма материаллар ва идора жиҳозларини харид қилиш Марказ томонидан Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишган ҳолда Жамғарманинг Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига тушадиган маблағлари ҳисобига амалга оширилади;

Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш Марказнинг асосланган ҳисоб-китобларига асосан Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг бюджетдан ташқари фонди маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

Марказга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Жамғарманинг Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига тушадиган маблағларидан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг бюджетдан ташқари фонди маблағлари ҳисобидан маблағ ажратиш белгиланган тартибда харажатлар сметаларига ҳамда даромадлар ва харажатлар сметаларига мувофиқ амалга оширилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Марказ ва унинг ҳудудий филиалларининг штатдаги ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашга зарур бюджет маблағларини 2017 йилда ажратсин ва кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларининг «Маориф» тармоғига ажратиладиган маблағлар доирасида назарда тутсин.

Марказга 2 та, жумладан 1 та шахсан бириктирилган ҳамда 1 та навбатчи автотранспорт воситасига лимит ажратиш.

5. Белгилансинки, Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари ходимларига, тўлов манбаларидан қатъи назар, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ходимлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва компенсация тўловлари шартлари татбиқ этилади.

6. Марказ Тошкент шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, 55-уйга жойлаштирилсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси бир ҳафта муддатда Марказнинг ҳудудий филиалларини жойлаштириш чораларини кўрсин.

7. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан ўқув машғулотларини ўтказиш учун вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг жалб қилинадиган мутахассислари меҳнатига ҳақ тўлаш ўқув машғулотларини белгиланган тартибда ўтказиш учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлашнинг белгиланган миқдорларига мувофиқ амалга оширилади;

Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан аҳоли ва тадбиркорлар учун ўқув курсларини ташкил этиш учун эгалланадиган ва фойдаланиладиган давлат мулки бўлган бино ва хоналарнинг майдонларига ҳамда олий ва ўрта- махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари аудиторияларига ижара тўловининг «нул» ставкаси қўлланилади;

Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари олий ва ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари биноларида (хоналарида) ўқув курсларини тегишли коммунал ва фойдаланиш харажатларини қопламаган ҳолда ўтказиш ҳуқуқига эгадир.

8. Марказга 2017 йил июль — сентябрь ойларида ташкил этиладиган ўқув курслари бўйича ўқув материаллари ва тарқатма материалларни тендер савдолари ўтказмасдан сотиб олишга истисно тариқасида рухсат берилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси:

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармасидан Марказ ва унинг ҳудудий филиалларига юкланган функциялар ва вазифаларни бажариш учун керак бўлган зарур инвентарь, мебель, автотранспорт воситалари, компьютер ва идора техникаси сотиб олиш учун маблағ ажратсин;

Марказнинг асосланган ҳисоб-китобларига биноан Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг бюджетдан ташқари фондидан Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш учун маблағлар ажратиш;

бир ой муддатда Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисидаги низомни тасдиқласин:

икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан биргаликда касб-ҳунар коллежларида аҳоли ва тадбиркорлар учун ўқув курсларини ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича намунавий регламентни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази икки ҳафта муддатда:

Марказ томонидан ишда фойдаланиладиган зарур ўқув-методик дастурлар ҳамда материаллар ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласин;

Марказнинг ўқув курслари тингловчиларига бериладиган сертификат намуналарини тасдиқласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамда Марказ билан биргаликда:

тадбиркорлар — тингловчилар ўртасида тадбиркорлик фаолияти асослари ўқув курслари бўйича доимий сўровномалар ўтказилишини ҳамда энг кўп бериладиган саволлар, ўқув курслари методикаси ва сифати бўйича тушган таклифлар ҳамда тадбиркорлик фаолиятини юритиш бўйича бошқа таклифлар таҳлил қилинишини таъминласин;

ўтказилган сўровлар ҳамда таҳлиллар натижаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаштириш, молия ва банк тизимларини ислоҳ қилиш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш масалалари комплексига ўқитиш дастурларини ҳамда республикада тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича кейинчалик Марказ фаолияти самарадорлигини баҳолаш учун таклифлар киритсин.

12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Р.А. Гулямов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                   А. Арипов

«Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»,

2017 йил 14 август, 32-сон, 816-модда

Добавить комментарий