Ўзбекистон-Хитой: меморандум имзоланди

Иқтисодиёт ва бизнес янгиликлари

Давлат рақобат қўмитасида Ўзбекистон-Хитой савдо уюшмаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Қўмита ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази томонидан ташкиллаштирилган тадбирда инвестицияларни жалб қилиш борасида Ўзбекистон-Хитой ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Давлат рақобат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нажмиддин Шарипов қўмитанинг кенг қамровли йўналишдан иборат фаолияти ҳақида меҳмонларга батафсил маълумот берди. Ўзбекистон-Хитой савдо уюшмаси раиси Чанг Кинг хоним 2016 йилда тузилган мазкур уюшманинг мақсади, унинг инвестицион ва гуманитар миссияси ҳақида гапирди.

Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш респуб­лика маркази директори Улуғбек Камалетдинов томонидан марказ фаолияти, келгусидаги режалар тўғрисида учрашув қатнашчиларига атрофлича маълумот тақдим этилди.

Бўлиб ўтган қизғин мулоқот вақтида ҳар икки томон учун манфаатли бўлган масалалар бўйича фикр алмашинди.

Учрашув якунида Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази ва Ўзбекистон-Хитой савдо уюшмаси ўртасида 5 йилга мўлжалланган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон-Хитой ўртасида тадбиркорлик фаолияти бўйича ўқитиш ҳамда ушбу мамлакат инвестициялари ва илғор технологияларини юртимизга жалб қилиш борасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Добавить комментарий