Ўзбекистон ва Хитой ўртасида олий таълим

«Тадбиркорлик курслари» Иқтисодиёт ва бизнес янгиликлари

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида олий таълим соҳасида алоқалар ўрнатиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш йўналишлари

Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази, Ўзбек-Хитой савдо ассоциацияси, қатор вазирлик ва идоралар ўртасида эришилган келишувларга мувофиқ, Нанкинг политехника институтининг (Nanjing Polytechnic Institute, Nanjing, Jiangsu, P.R China) делегацияси, вице-президент  Чжан Сяожун бошчилигида 2019 йилнинг 25-27 январь кунлари Тошкент шаҳрига ташриф буюрди.

Делегация ташрифининг мақсади – Хитой ва Ўзбекистон ўртасида олий таълим соҳасида алоқалар ўрнатиш  ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишдир. Хусусан, манфаатдор вазирликлар ва идораларда бир қатор учрашувлар ва музокаралар ўтказилиб, касб-ҳунар коллежлари фаолияти билан танишилди, Тошкент шаҳрида  Нанкинг политехника институтининг филиалини очиш имкониятлари батафсил кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш Республика маркази билан музокаралар ўтказилди. Бунда Нанкинг политехника институти билан қўшма дастур, қўшма факультет ҳамда тўлақонли филиал ташкил этиш бўйича ишларни бошлаш юзасидан келишиб олинди. Нанкинг политехника институти Ўзбекистондаги филиалида дарсларни инглиз ва хитой тилида ўтказишни режалаштирмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистонда ўқийдиган талабаларни Нанкинг политехника институтига ўқишга юбориш, 2+2, 1+3, 3+1 форматида талабалар ўқишини ташкил этиш бўйича музокаралар ўтказилди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаларини Нанкинг политехника институтида  менежмент, рақамли бизнес, электрон тижорат йўналишларида  ўқитишга қизиқиш билдиришди.

“Ўзстандарт” агентлиги асосан кимё технологиялари соҳасида ўз ходимларининг  малакасини оширишга қизиқиш билдирди.

Томонлар мазкур мулоқотларни давом эттириш ва Ўзбекистон делегациясини Хитой давлатига амалий ташриф буюришга келишиб олдилар.

Маълумот учун:

Нанкинг политехника институти 1958 йилда ташкил этилган бўлиб, Хитой Халқ Республикаси Жиангсу провинциясининг  пойтахти Нанкинг шаҳрида жойлашган.

Нанкинг политехника институти Жиангсу вилоят ҳукумати томонидан ташкил этилган бўлиб, Хитойнинг топ 83 олий ўқув юртидир. Институт кампус билан  740 акр майдонни ўз ичига олади. Бугунги кунда олий ўқув юртида 10 мингдан зиёд талаба 40 дан зиёд мутахассислик бўйича тахсил олади. Институт қошида 12 та коллеж мавжуд. Институт дунёдаги 17 та мамлакат ва 40 дан ортиқ коллежлар ва таьлим муассасалари билан хамкорлик қилади. Институтда 500 нафар хорижий талабалар таҳсил олиб келмоқда, шундан 33 нафарини ўзбек йигит-қизлари ташкил қилади. Ўзбекистонлик талабалар ўзининг дунёқараши, билими, тиришқоқлиги билан ажралиб туради.  Институт шунингдек, халқаро талабаларни бу ерда ўрганиш мақсадида “Халқаро талабалар стипендияси” ни ташкил қилган.

Добавить комментарий