Ўзбекистон ва Хитой ўртасида касб-ҳунар таълими

«Тадбиркорлик курслари» Иқтисодиёт ва бизнес янгиликлари

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида касб-ҳунар таълими соҳасида алоқалар ўрнатиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш йўналишлари

Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази, Ўзбек-Хитой савдо ассоциацияси, қатор вазирлик ва идоралар ўртасида эришилган келишувларга мувофиқ, Нанкинг политехника институтининг (Nanjing Polytechnic Institute, Nanjing, Jiangsu, P.R China) делегацияси, вице-президент Чжан Сяожун бошчилигида 2019 йилнинг 25-27 январь кунлари Тошкент шаҳрига ташриф буюрди.

Делегация ташрифининг мақсади – Хитой ва Ўзбекистон ўртасида касб-ҳунар таълим соҳасида алоқалар ўрнатиш  ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишдир. Хусусан, манфаатдор вазирликлар ва идораларда бир қатор учрашувлар ва музокаралар ўтказилиб, касб-ҳунар коллежлари фаолияти билан танишилди, Тошкент шаҳрида  Нанкинг политехника институтининг филиалини очиш имкониятлари батафсил кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш Республика маркази билан ҳамкорликда, “Ишга марҳамат” моно марказида вақтинча ишсиз фуқароларни 3 ва 6 ойлик касбий таълимга йўналтириш мақсадида, Нанкинг политехника институти ёрдамида ўзбек-хитой маркази ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди. Вазирлик томонидан марказни замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлашда хитой тажрибаси ва амалий кўмаги зарурлиги белгиланди. Шунингдек, ушбу марказни “Бир белбоғ-бир йўл” лойиҳаси асосида молиявий қўллаб қувватлаш имкониятлари кўриб чиқилди.

Шунингдек, Тошкент Архитектура-қурилиш касб-ҳунар коллежи негизида 2+2, 3+1 форматида Ўзбекистонда малакали кадрларни  ўқитишни ташкил этиш бўйича масалалар кўриб чиқилди.

Маълумот учун:

Нанкинг политехника институти 1958 йилда ташкил этилган бўлиб, Хитой Халқ Республикаси Жиангсу провинциясининг  пойтахти Нанкинг шаҳрида жойлашган.

Нанкинг политехника институти Жиангсу вилоят ҳукумати томонидан ташкил этилган бўлиб, Хитойнинг топ 83 олий ўқув юртидир. Институт кампус билан  740 акр майдонни ўз ичига олади. Бугунги кунда олий ўқув юртида 10 мингдан зиёд талаба 40 дан зиёд мутахассислик бўйича тахсил олади. Институт қошида 12 та коллеж мавжуд. Институт дунёдаги 17 та мамлакат ва 40 дан ортиқ коллежлар ва таьлим муассасалари билан хамкорлик қилади. Институтда 500 нафар хорижий талабалар таҳсил олиб келмоқда, шундан 33 нафарини ўзбек йигит-қизлари ташкил қилади. Ўзбекистонлик талабалар ўзининг дунёқараши, билими, тиришқоқлиги билан ажралиб туради.  Институт шунингдек, халқаро талабаларни бу ерда ўрганиш мақсадида “Халқаро талабалар стипендияси” ни ташкил қилган.

Добавить комментарий