Тадбиркорликни бошлаш учун онлайн таълим

«Тадбиркорлик курслари» Иқтисодиёт ва бизнес янгиликлари

Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази тадбиркорларнинг кенг доирасига мўлжалланган бизнес юритиш кўникмаларини масофавий (онлайн) ўргатишни янада ривожлантириш масаласига бағиш­лаб давра суҳбати уюштирди.

Мазкур марказ томонидан юртимизнинг барча ҳудудларида тадбиркорлик асослари бўйича ўқув курслари ташкил этилмоқда. Марказ тузилгандан бошлаб ўтган бир йил давомида 12 мингдан зиёд тингловчи шундай машғулотларда ўз малакасини оширган, 11 минг 800 нафарига сертификат берилган. Ўқувни битирганларнинг 10 фоизи банклардан имтиёзли кредит олишга эришган ҳолда ўз бизнесини йўлга қўйган.

Марказ мутахассисларининг таҳлилларига кўра, ушбу курсларда аксарият ёшлар, яъни мактаб, коллеж ва лицейлар битирувчилари ўз билим ва кўникмаларини оширмоқдалар. Бироқ, уларда етарли даражада маълумот йўқлиги туфайли ўз фаолиятини юритишда муайян қийинчилик­ларга дуч келишмоқда.

Шу муносабат билан бу соҳада халқаро тажрибалар ўрганиб чиқилиб, бўлажак тадбиркорларни узлуксиз масофавий ўқитишни йўлга қўйиш, бизнес юритиш, молиявий саводхонлик бўйича видео ва аудио­материаллардан, инфографикадан фойдаланиш орқали ўзбек ва рус тилларида махсус онлайн ва оффлайн курслар яратишга қарор қилинган.

Шу мақсадда тадбир давомида марказ билан “Норма” профессионал ривожланиш маркази нотижорат ўқув муассасаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Таъкидланганидек, ушбу ҳужжат икки томон ўртасидаги ҳамкорликни, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлганларга хўжалик ҳуқуқи асослари, иқтисодий билимлар, молияни бошқариш, солиққа тортиш, маркетинг ва ташқи иқтисодий алоқалар асослари бўйича онлайн курсларни ишлаб чиқиш ва жорий этишни кўзда тутади.

Маълум қилинганидек, онлайн курс­лар маҳаллий дастурчилар томонидан ишлаб чиқилган NormaLMS тизими асосида амалга оширилади. Бугунги кунга келиб унинг негизида бир нечта лойиҳа бажарилмоқда. Булар Савдо-саноат палатаси, Тошкент молия институти, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва “Норма” профессионал ривожланиш маркази ҳамкорлигида яратилган “bir.uz” бухгалтерларни мустақил баҳолаш тизими ҳамда Савдо-саноат палатаси, Марказий банк, Халқаро молия корпорацияси ва “Норма” профессионал ривожланиш маркази ўзаро шериклигида йўлга қўйилган “direktor.uz” тадбиркорларнинг молиявий саводхонлигини ошириш дастурларидир.

Жорий йилнинг 15 сентябридан 15 декабригача www.direktor.uz. онлайн платформасидан фойдаланган ҳолда 22 соатлик курсларни ташкил қилиш кўзда тутилган бўлиб, курслар олий ўқув юртларининг компьютерлар билан жиҳозланган аудиторияларида ўтказилади. Мазкур курсларда ўқиш текин, очиқ тарзда бўладиган тренинглар учун ҳар икки томон ташаббуси билан ўқитувчилар танлаб олинади.

Масофавий ўқишлар ва очиқ тренинг­лар давомида тингловчилар бизнесга оид қарор қабул қилиш, аниқ ҳисоб-китобларни амалга оширишни ўрганадилар, молиявий ҳисоботлар билан танишадилар, банк операциялари тўғрисида тасаввурга эга бўладилар. Масалан, улар бизнес билан шуғулланишдан аввал у қай даражада фойда келтиришини, ҳисоб-китобларни бир йиллик тушумлар истиқболини аниқлашдан бошлаш кераклигини, бунда сотувларнинг мавсумийлигини инобатга олиш зарурлигини билиб олишади.

Тушунтирилганидек, масофавий ўқитиш тизими икки қисмдан иборат. Биринчисида матнлар, видеодарслар ва видеотақдимотлар, ўзбек ва рус тилларидаги тестлар (кирилл ва лотин) тақдим этилади. Иккинчиси имтиҳонга мустақил тайёрланиш (дастлабки имтиҳон) ва уни ўтказиш (имтиҳондан ўтиш)ни ўз ичига олган.

Масофавий ўқитиш тизимида таълимнинг 3 та модели қўлланилади.

Онлайн ўқитишда ўқув материалларидан интернет (матн ва видео) воситасида, мавзунинг тушунарсиз бўлган қисмларини ўқитувчи билан бевосита мулоқот йўли орқали муҳокама қилиш учун тестлар ва вебинарлардан фойдаланилади.

Аралаш ўқитишга масофавий ўқув тизимидаги билимнинг дастлабки манбаи сифатида қаралади, кейслардан фойдаланиш ўқув материалини янада мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Сиртқи ўқитишда лекция ва семинарлар сиртдан ўтказилади.

Добавить комментарий