1 октябрдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ҚҚС тўловчиси бўлади

Иқтисодиёт ва бизнес янгиликлари

Барча хўжалик юритувчи субъектларга тенг шарт-шароитларни яратиш учун қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини ташкил этиш мақсадида 2019 йил 1 октябрдан бошлаб, ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиши белгиланган.

ДСҚ матбуот хизмати хабарига кўра, бундай тартиб президентнинг 2019 йил 27 июндаги “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5755-сонли фармонига асосан жорий этилмоқда.

Ҳужжатга кўра, 2019 йилнинг 9 ойида пул айланмаси (тушуми) 1 млрд. сўмдан ошган ёки 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ер майдонларига эга бўлган ягона ер солиғи тўловчилари қўшилган қиймат солиғи тўловчиси ҳисобланиши ва белгиланган тартибда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиши талаб этилади.

Эслатилишича, фармонда 2019 йил 1 августдан қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Шу билан бирга, фармонга мувофиқ пахта хомашёсини ишлаб чиқарувчи хўжалик субъектлари 2019 йил ҳосилидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтадилар.

Бунда, уларга 2018 йилнинг 1 октябридан илгари бўлмаган вақтда ҳақиқатда олинган ва пахта хомашёсини етиштириш учун ишлатилган товарлар (иш, хизматлар) учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилади.

Билдирилишича, ушбу нормаларнинг амалиётга жорий этилиши мамлакатда рақобатбардош ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, тадбиркорликни ва соғлом рақобат муҳитини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

 

«Kun.uz»

Добавить комментарий