Ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш республика комиссияси тасдиқланади

Иқтисодиёт ва бизнес янгиликлари

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этиш, тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларининг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш, шунингдек, бўш турган объектлар, ер участкалари ва бошқа инфратузилмадан самарали ва оқилона фойдаланиш бўйича олиб борилаётган ишларни мувофиқлаштириш мақсадида ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳудудларда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш республика комиссияси ва унинг ҳудудий ишчи гуруҳлари тасдиқланади.

Комиссия ва унинг ҳудудий ишчи гуруҳларининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

ҳар бир маҳаллага чиққан ҳолда тадбиркорлар билан бевосита учрашиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш, айниқса фаолиятини тўхтатган тадбиркорларнинг амалдаги қонунчилик доирасида уларнинг ишини тиклаш билан боғлиқ ечимларни татбиқ этиш юзасидан бош вазир қабулхоналари билан биргаликда аниқ чоралар кўриш;

иқтисодиёт, инвестиция ва молия-кредит органлари билан биргаликда ҳар бир туман (шаҳар)нинг мавжуд имкониятлари ва салоҳияти, маҳаллий истеъмолчиларнинг талаб ва эҳтиёжидан келиб чиқиб ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг аниқ йўналишларини ривожлантириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

ушбу таклифлар асосида тадбиркорлар кенгашлари ва савдо саноат палаталари билан салоҳиятли тадбиркорларни жалб қилган ҳолда, лойиҳаларни ишлаб чиқиш, кредит, ер майдонлари ва бино-иншоотлар ажратиш, инфратузилмага уланиш билан боғлиқ барча масалаларни ҳал қилишга кўмаклашиш.

Тадбиркорлик фаолиятини мувофиқлаштириш комиссияси ва унинг ҳудудий ишчи гуруҳлари томонидан ишлаб чиқилган мавжуд ишчи кучи ва меҳнат ресурслари баланси асосида ишсиз мақомига эга ва иш қидираётганлар орасида тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ҳар бир маҳалла кесимида уларнинг талаб ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, келтирилган йўналишларни ривожлантиришни назарда тутувчи “Тадбиркорлик ҳудуди”га айлантириш тажрибасини Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 11 сентябрдаги ПҚ-3939–сон қарори билан ташкил этилган “Ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш комиссияси ва унинг ҳудудий гуруҳлари” билан мувофиқлашган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятларнинг барча туман ва шаҳарларининг маҳаллари кесимида 2019 йил якунига қадар жорий этилиши таъминланади.

Давлат статистика қўмитасига, Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда жаҳоннинг илғор хорижий тажрибалари асосида фаолиятини тўхтатган тадбиркорлик субъектлари бўйича ўзаро интеграциялашган маълумотлар базасини яратиш ва ушбу маълумотларни ҳар ойда Тадбиркорлик фаолиятини мувофиқлаштириш комиссиясига тақдим этиш вазифаси юклатилади.

Барча даражадаги ҳокимларнинг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари:

тегишли ҳудуддаги бош вазир қабулхоналари ва уларнинг қошида тузилган тадбиркорлар кенгашлари маҳаллаларда тадбиркорлик салоҳияти бўлган аҳолини аниқлаш, уларда оилавий тадбиркорлик учун мавжуд шароитларни, уларнинг тадбиркорликка бўлган эҳтиёжини доимий равишда ўрганиб бориш ишларини ташкил қиладилар;

шакллантирилган лойиҳаларни амалга ошириш учун тадбиркорликка мойиллиги бўлган аҳоли қатламларини аниқлаш ишларини йўлга қўйсинлар ва уларнинг рўйхатини ҳар ой Савдо-саноат палатаси тегишли ҳудудий бўлинмаларига киритиб борадилар.

Савдо-саноат палатаси (А.Икромов) ҳар бир туманда келтирилган рўйхатдаги аҳолини номолиявий хизматларни амалга ошириш билан жойларда малакасини, тадбиркорлик ва юридик саводхонлигини ошириш бўйича жумладан халқаро молия ташкилотлари маблағларини жалб қилган ҳолда ўқитиш дастурини ишлаб чиқади ҳамда тизимли ўқитишни ташкил қилади.

Давлат хизматлари агентлиги жойлардаги тузилмалари билан биргаликда, шакллантирилган лойиҳалар билан боғлиқ рўйхатга олиш, ер ажратиш, турли хил рухсатномалар бериш, турли инфратузилмаларга уланиш каби ва бошқа масалаларни тезкор ечиш чораларини кўради.

Натижаси бўйича Вазирлар Маҳкамасига ва Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига ойлик маълумот киритиб боради.

Добавить комментарий