Қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунга ўзгартиш киритилади

Иқтисодиёт ва бизнес янгиликлари

“Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади. Тегишли қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 22 июнда қабул қилинган “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонуни 10-моддасида (Эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказганлик учун йиғим):

биринчи қисм қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказишда эмитент мазкур чиқарилишдаги эмиссиявий қимматли қоғозлар номинал қийматининг 0,01 фоизи миқдорида Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Капитал бозорини ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармасига йиғим тўлайди.”.

Амалдаги таҳрирга кўра, эмиссиявий қимматли қоғозларнинг дастлабки чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказишда эмитент мазкур чиқарилишдаги эмиссиявий қимматли қоғозлар номинал қийматининг 0,01 фоизи миқдорида республика бюджетига йиғим тўлайди.

10-модда иккинчи қисмидаги “республика бюджетига” сўзлари “Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Капитал бозорини ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармасига” сўзлари билан алмаштирилади.

Амалдаги таҳрир: илгари рўйхатдан ўтказилган чиқарилишдаги эмиссиявий қимматли қоғозларнинг номинал қиймати оширилган тақдирда, эмитент мазкур чиқарилишдаги эмиссиявий қимматли қоғозлар номинал қиймати ошган суммасининг 0,01 фоизи миқдорида республика бюджетига йиғим тўлайди.

16-модданинг (Қимматли қоғозларга доир битимларни тузиш ва рўйхатдан ўтказиш) учинчи қисмдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига” сўзлари “Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Капитал бозорини ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармасига” сўзлари билан алмаштирилади.

Ҳозирги таҳрир: Фонд биржасида эмиссиявий қимматли қоғозларга доир битимлар тузилганда сотувчи (бундан эмитент мустасно) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига битим суммасининг 0,01 фоизи миқдорида йиғим тўлайди. Бунда сотувчининг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентининг тузилган битим бўйича даромадларига юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди.

Добавить комментарий