Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси маълум қилинди. Импорт қарийб 16 млрд долларга етди

Иқтисодиёт ва бизнес янгиликлари

2019 йилнинг январь-август ойларида республиканинг ташқи савдо айланмаси ҳажми 28,4 млрд АҚШ долларини ташкил этиб, 7,9 млрд АҚШ долларига ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 38,6 %га ошган.

Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, ушбу кўрсаткичдан экспорт ҳажми 12,4 млрд АҚШ долларига (ўсиш суръати – 46,7 %) ва импорт ҳажми эса 15,9 млрд АҚШ долларига (ўсиш суръати – 32,8 %) етди. Ҳисобот даврида 3,5 млрд АҚШ доллари қийматида пассив ташқи савдо айланмаси қайд этилди.

Ўзбекистон жаҳоннинг 181 дан ортиқ мамлакатлари билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Республика ташқи савдо айланмасининг дунё давлатлари қаторига нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитойда (18,4 %), Россия Федерациясида (14,5 %), Қозоғистонда (8,1 %), Корея Республикасида (6,5 %), Туркияда (5,7 %), Германияда (2,3 %) ва Қирғизистонда (2,0 %) қайд этилган.

Ташқи савдо айланмасининг таркибий динамикасида ижобий силжишлар кузатилмоқда. Ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда ташқи савдо айланмасида экспортнинг улуши 2,4 фоизга ортган.

МДҲ давлатлари билан анъанавий савдо муносабатлари туфайли ва ташқи савдони ҳар томонлама қўллаб қувватланиши натижасида МДҲга аъзо давлатлар билан ўзаро савдонинг Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасидаги улуши 2019 йилнинг январь-август ойларида 33,2 %ни (9,4 млрд АҚШ доллари) ташкил этиб, ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 18,9 % ўсишни қайд этди.

Шу билан бирга, бошқа хорижий ҳамкор-давлатлар билан ҳам жорий савдо муносабатлари ривожланишда давом этмоқда. Бошқа хорижий давлатларнинг ташқи савдо айланмасидаги улуши 66,8 %га етиб (18,9 млрд АҚШ доллари) ўтган йилнинг мос давридаги ташқи савдо айланмасига нисбатан 50,9 %га ошган.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20та йирик ҳамкор-давлатлар орасидан беш давлатда фаол ташқи савдо баланси кузатилган, хусусан, Қирғизистон (388,1 млн. АҚШ доллари), Афғонистон (359,9 млн. АҚШ доллари), Тожикистон (88,6 млн. АҚШ доллари), Франция (35,4 млн. АҚШ доллари) ва Эрон (8,6 млн. АҚШ доллари). Қолган 15 та давлатлар билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолмоқда.

 

«Kun.uz»

Добавить комментарий