Ўзбекистон давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегияси тасдиқланади

Иқтисодиёт ва бизнес янгиликлари

2020-2024 йилларда Ўзбекистон Республикаси давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегияси тасдиқланади

Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасига кўра, қуйидаги асосий йўналишлар белгиланган 2020 – 2024 йилларда Ўзбекистон Республикаси давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегияси тасдиқланади:

солиқ-бюджет сиёсатига стратегик ёндашувни татбиқ этиш мақсадида ўрта муддатли бюджет асосларини ишлаб чиқиш ҳамда йиллик бюджетни шакллантиришнинг янги «натижага йўналтирилган бюджет» тизимини жорий этиш;

макрофискал прогнозлар ишончлилигини таъминлаш бўйича институционал салоҳиятни ва бюджет жараёни иштирокчиларининг масъулиятини ошириш;

бюджет маблағларини тақсимловчилар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджет соҳасидаги ваколатларини ва ҳисобдорлигини ошириш ҳамда уларнинг масъулиятини кучайтириш;

фискал таваккалчиликларни баҳолаш, молиявий активлар ва мажбуриятлар ҳисобини юритиш ҳамда уларни самарали бошқариш тизимини жорий этиш;

бюджет ҳисоби стандартларини унификация қилиш, ички назорат ва аудит тизимини такомиллаштириш орқали молиявий интизомни мустаҳкамлаш;

бюджет маълумотларининг очиқлиги, тўлиқлиги ва халқаро стандартларга мослигини таъминлаш;

бюджет жараёни устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш.

2020 – 2024 йилларда Ўзбекистон Республикаси давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси тасдиқланади.

Қуйидаги тартиб эксперимент сифатида ўрнатилади ва унга мувофиқ:

а) 2020 йилнинг 15 июнига қадар 2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар чегараланган миқдорларининг дастлабки тақсимоти:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан биринчи даражали бюджет маблағлари тақсимловчиларига;

Қорақалпоғистон Республикасининг Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимлари томонидан тегишли бюджетлардан маблағ олувчи ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчиларига етказилади;

б) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан маблағ олувчи вазирлик ва идоралар, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчилари томонидан келгуси ўрта муддатли давр учун бюджет сўровлари жорий йилнинг 15 июлига қадар муддатда тегишли молия органларига тақдим этилади. Бунда бюджет сўровлари вазирлик ва идоралар, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчиларига етказилган бюджет маблағларини чегараланган миқдорлари доирасида шакллантирилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бюджет сўровини тақдим этиш тартиби ва муддатлари ўзгаришини инобатга олган ҳолда 2020 йил 15 апрелга қадар 2021–2023 йиллар учун бюджет сўровини тузиш тартибини ишлаб чиқиб, ҳудудий молия органларига, биринчи ва иккинчи даражали бюджет маблағлари тақсимловчиларга етказилишини таъминлайди.

2020-2024 йилларда Ўзбекистон Республикаси давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегиясига кўра, стратегиянинг мақсадларига эришиш учун қуйидаги асосий вазифаларни амалга ошириш зарур:

стратегик мақсадларга йўналтирилган ҳамда ўрта муддатга мўлжалланган солиқ-бюджет сиёсатини юритиш;

фискал назоратни кучайтириш, биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилари учун ажратиладиган бюджет маблағларининг чегараланган миқдорларини Олий Мажлис томонидан белгилаш орқали бюджет жараёни иштирокчиларининг масъулиятини ва ҳисобдорлигини ошириш;

узоқ муддатга давлат молиявий барқарорлигини таъминлашга йўналтирилган солиқ-бюджет сиёсатини жорий этиш;

бюджет жараёнининг шаффофлиги ва бюджет маълумотларининг очиқлигини ошириб бориш;

бюджетлараро муносабатларни тубдан ислоҳ қилиш, маҳаллий бюджетларнинг мустақиллигини ва жавобгарлигини ошириш ҳамда бюджетлараро трансфертлар тақдим этишнинг шаффоф механизмини жорий этиш.

Стратегияни амалга ошириш даври 2024 йилгача мўлжалланган бўлиб, қуйидаги олтита муҳим мақсадларни ўз ичига олади:

1) бюджет маблағларини тақсимловчилар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджет соҳасидаги ваколатларини ва ҳисобдорлигини ошириш ҳамда уларнинг масъулиятини кучайтириш;

2) бюджет маълумотларининг очиқлиги, тўлиқлиги ва халқаро стандартларга мослигини таъминлаш;

3) солиқ-бюджет сиёсатига стратегик ёндашувни татбиқ этиш мақсадида ўрта муддатли бюджет асосларини ишлаб чиқиш ҳамда йиллик бюджетни шакллантиришнинг янги “натижага йўналтирилган бюджет” тизимини жорий этиш;

4) фискал таваккалчиликларни баҳолаш, молиявий активлар ва мажбуриятлар ҳисобини юритиш ҳамда уларни самарали бошқариш тизимини жорий этиш;

5) бюджет ҳисоби стандартларини унификация қилиш, ички назорат ва аудит тизимини такомиллаштириш орқали молиявий интизомни мустаҳкамлаш ҳамда бюджет жараёни устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш;

6) институционал ва қонунчилик базасини мустаҳкамлаш.

Добавить комментарий