Ўзбекистонда экспорт ҳажмининг ўсишига тўсқинлик қилаётган омиллар очиқланди

Иқтисодиёт ва бизнес янгиликлари

Корхона ва ташкилотлар маҳсулотларига ташқи бозорлардаги талаб ва нарх бўйича маълумотларнинг етарли эмаслиги ҳамда экспорт қилиш билан боғлиқ жараёнларнинг мураккаблиги каби омилларнинг салбий таъсири ортиб бораётганлиги маълум бўлди

2019 йилнинг IV чораги якуни бўйича реал сектор корхоналари билан ўтказилган сўров натижалари мазкур чорак мобайнида мамлакатда иқтисодий фаоллик даражасининг юқори даражада сақланиб турганлигини кўрсатмоқда. Бу ҳақда Марказий банк шарҳида айтилган.

2019 йилнинг IV чораги якуни бўйича сўровда қатнашган корхоналарнинг 64 фоизи (2019 йилнинг III чорагида 65 фоиз) ишлаб чиқариш ҳажмларининг реал ҳисобда ошганлигини маълум қилган.

Шунингдек, сўров доирасида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг ошишига тўсқинлик қилаётган омиллар ўрганилган бўлиб, бундай омиллар сифатида хомашё материаллари (34 фоиз) ва энергия манбалари (27 фоиз) нархлари баландлигини ҳамда солиқ юкининг юқорилиги ва солиқ маъмуриятчилигининг мураккаблигини (21 фоиз) қайд этган корхоналар улуши юқори даражада сақланиб қолмоқда.

2019 йил IV чорагида экспорт ҳажми ўзгариши индексининг III чорак даражасида (71) шаклланганлиги сўнгги чоракда ҳам экспорт ҳажмлари ошишининг юқори тенденцияси сақланиб қолганлигини кўрсатмоқда.

Бунда, экспорт фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарнинг 55 фоизида экспорт ҳажми ошган бўлса, экспорт ҳажмининг камайганлигини маълум қилган респондентлар улуши III чоракдаги 18 фоиздан 14 фоизгача қисқарган.

Экспорт ҳажмининг ўсишига тўсқинлик қилаётган омиллар ўрганилганда, корхона ва ташкилотлар маҳсулотларига ташқи бозорлардаги талаб ва нарх бўйича маълумотларнинг етарли эмаслиги ҳамда экспорт қилиш билан боғлиқ жараёнларнинг мураккаблиги каби омилларнинг салбий таъсири ортиб бораётганлиги маълум бўлди.

2019 йилнинг IV чорагида иқтисодиёт реал секторида мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси умуман олганда III чорак даражасида сақланиб қолган бўлиб, фойдаланиш даражаси 70 фоиздан юқори бўлган корхона ва ташкилотлар улуши 64 фоизни ташкил қилган.

Бунда, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланмасликнинг асосий омиллари сифатида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга талабнинг пастлигини қайд этган респондентлар улуши III чоракдаги 18 фоиздан IV чоракда 23 фоизгача, электр энергияси ва табиий газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларни маълум қилган респондентлар улуши 19 фоиздан 22 фоизгача кўпайган.

Добавить комментарий