Фарғона вилоятида аҳолини тадбиркорликка кенг йўналтириш тадбирлари изчил давом этмоқда.

Иқтисодиёт ва бизнес янгиликлари

Фарғона  вилоятида тадбиркорлик қилиш истагидаги фуқаролар ва янги тадбиркорлик фаолиятини бошлаганлар учун Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази томонидан “Тадбиркорлик асослари”ни ўқитиш бўйича ўтган 2019 йилда жами 50 марта ўқув семинар машғулотлари ташкил этилиб, мазкур семинарларда 1250 нафарга яқин тингловчи ўқитилди. Таҳсил олганларнинг 450 нафари ёшлардан иборат.

Мониторинг натижаларига кўра, 73 нафар аҳоли тадбиркорлик фаолиятини янгидан бошлаган бўлса, ўқув машғулотларида иштирок этган тингловчиларнинг 42 таси 7 млрд. сўмдан зиёд имтиёзли банк кредитлари олиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтирдилар. Тадбиркорлик фаолиятини янгидан бошлаган ва фаолиятини кенгайтирган тадбиркорлик субъектлари томонидан 493 та янги иш ўрни яратишга муваффақ бўлинди.

Фарғона вилоятида 2020 йил 9 январь куни  “Бизнес форум” доирасида тадбиркорлик фаолиятини янгидан бошлаш истагини билдирган аҳоли ва лойиҳа ташаббускорларини “Бизнесга мархамат” ва “Бизнесга етти қадам” мавзусидаги ўқув материаллари билан таништириш, Халқаро молия институтлари фаолияти, уларнинг имтиёзли кредит линиялари ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш борасида мунтазам ўқув курслари ташкил этиш мақсадида, 10 январь куни Фарғона шаҳар Тадбиркорлар марказида, Марғилон шахар 10-сонли мусиқа мактабида ва 11 январь куни Қўқон шаҳар Тадбиркорлар марказида, Боғдод тумани  16-сонли мусиқа мактаби биносида махсус семинарлар ташкил этилди.

Ушбу семинар Ўзбекистон  Савдо-саноат палатаси, Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Норма компанияси экспертлари,  Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банклари ҳамда масалага алоқадор идоралар  иштирокида очиқ мулоқот тарзида ўтказилди. Семинарларда Фарғона вилоятининг барча худудларидан  300 нафардан зиёд тадбиркорлар қатнашди.

Хусусан, мазкур семинарларда  Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази Фарғона вилояти филилали бош мутахассиси А.Рўзалиев, Норма компанияси эксперти М.Хайдаров “Norma davriy nashrlari” МЧЖ директори Б.Қаюмов “Бизнес режа тузиш асослари” ва “Маркетинг асослари” мавзусидаги мъарузалари билан иштирок этишди. Шунингдек, вилоятдаги олий таълим муассасаларидан танлаб олинган иқтисодий йўналишдаги профессор-ўқитувчиларга, кейинчалик шаҳар ва туманларда ташкил этиладиган  “Бизнесга 7 қадам” семинарлари бўйича “тренерлар учун тренинг” ўтказилди.

2020 йилда Фарғона вилоятида юқоридаги каби ўқув семинарларини мунтазам ташкил этиб бориш ҳамда тадбиркорлик соҳасида молиявий саводхонликни муттасил ошириш мақсадида, ўтган 2019 йилга нисбатан қарийб   2,5 баравар кўп тингловчиларни ўқитиш кўзда тутилган.

 

Добавить комментарий