Тадбиркорлик — иқтисодиёт таянчи

Иқтисодиёт ва бизнес янгиликлари
Мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан боғлиқ тартиб-таомилларнинг турлари ва сонини қисқартириш, соддалаштириш ва очиқ-ойдинлик даражасини ошириш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини халқаро рейтинг талабларига мослаштириш мақсадида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбари бошчилигида хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқлар кетма-кетликда бартараф этилмоқда. Иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, ялпи ички маҳсулотда хусусий ишлаб чиқарувчилар улушини изчил оширишга қаратилган давлат дастурлари яратилган ва яратилмоқда. Мамлакатимиздаги қулай ишбилармонлик муҳити, хорижий инвесторлар учун яратилаётган имтиёз ва имкониятлар янги лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилмоқда.
Бу эса давлатимиз томонидан олиб борилаётган соҳа фаолиятини ривожлантиришга уларнинг олдидаги мавжуд тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш корхоналар фаолияти барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Президентимизнинг 2019 йил 20 ноябрдаги “Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида” ги қарорига асосан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ тартиботлар танқидий қайта кўриб чиқилиб, эскирган, замон талабига жавоб бермайдиган бюрократик тўсиқ ва ғовлар бекор қилинди. Кўрилган чоралар натижасида республикада ишбилармонлик муҳити яхшиланди, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилди. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан объектларнинг қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан, назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш хусусий мулкнинг дахлсизлигини бузиш сифатида баҳоланиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Тадбиркорлик фаолиятига алоқадор вазирлик ва идораларнинг ҳар бирида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни жойлардаги ижрочиларга етказиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилди. Мазкур ишчи гуруҳлар зиммасига ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жойлардаги ижрочиларга етказиш ва тушунтириш, қонун ҳужжатларини нотўғри қўллаш амалиётини бартараф этиш, жойларда тадбиркорларнинг фикрини мунтазам равишда ўрганиб бориш, тегишли орган томонидан қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказиш ва уларга соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш вазифалари юклатилди. 2020 йил 1 февралдан бошлаб экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатлар “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали расмийлаштирилиши, ваколатли органларнинг автоматлаштирилган ахборот тизимлари “Ягона дарча” божхона ахборот тизимига интеграция қилиниши, фитосанитария, санитария-эпидемиология, ветеринария ва экологик назорат ўтказиш учун ундириладиган тўловлар миқдори ваколатли органнинг мазкур ҳужжатни бериш учун қилган харажатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан келишилиши кўрсатиб ўтилди.
2020 йил 1 январдан қуйидаги талаблар бекор қилинди:
Биринчидан, тадбиркорлик субъектлари — юридик шахслар ўртасидаги кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини тарафлардан бирининг талаби бўйича нотариал тасдиқланганда коммунал хизматлар бўйича қарздорликларни текшириб олиш;
Иккинчидан, давлат солиқ хизмати органларига солиқ тўловчилар томонидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг аризани ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар томонидан тегишли ҳудудда жойлашган ер участкаси ва бошқа кўчмас мулк, унинг мулкдорлари тўғрисидаги маълумотни бевосита қоғоз кўринишда тақдим этиш;
Учинчидан, мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш (пахтадан ташқари) учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштиришда тадбиркорлик субъектларидан тўловларни ундириш.
Мустақил юртимизда тадбиркорликнинг жадал ривожланишида соҳа вакиллари ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, уларни ҳимоялаш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асослар шакллантирилгани халқимиз ва тадбиркорлар учун айни муддао бўлмоқда.
Фарҳод Аҳмедов,
​Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик
субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш
бўйича вакил девони​нинг Фарғона вилоятида фаолият кўрсатувчи
етакчи инспектори​

 

943
ЎзА

Добавить комментарий