Солиқ тўловчиларга яратиладиган яшил, сариқ ва қизил йўлаклар нимани англатади?

Иқтисодиёт ва бизнес янгиликлари

Парламент қуйи палатасидаги сиёсий партия фракциялари ҳамда қўмиталари йиғилишларида кечаётган муҳокамаларда янги таҳрирдаги Солиқ кодекси тўғрисидаги қонун лойиҳаси маромига етказилмоқда, дейилади Қонунчилик палатаси сайтида.

Муҳокамаларда солиқ тизимида ҳуқуқни қўллаш амалиётида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш ҳисобига солиқ назоратининг тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш, шу билан бирга, назорат функциялари турларини имкон қадар камайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасига солиқ тўловчилар учун таҳлика-таҳлил асосида солиқ назоратининг янги тартиби (камерал текширув, сайёр текширув, солиқ аудити) таклиф этилмоқда.

Таҳлика-таҳлил дастури фаолият кўрсатаётган барча хўжалик субъектларини муайян мезонлар асосида, хавфлилик даражасига қараб, инсон омилисиз, автоматлаштирилган ҳолда 3та сегментга (яшил йўлак, сариқ йўлак, қизил йўлак) ажратади.

Айтилишича, ушбу дастур жаҳондаги кўплаб давлатларда, жумладан Канада, Австралия, Янги Зеландия, Россия федерацияси каби ривожланган давлатларда ҳозирда самарали қўлланилиб келинмоқда.

Хавфлилик даражаси паст бўлган (яшил йўлакча) корхоналарга нисбатан ҳеч қачон солиқ текширувлари амалга оширилмайди ва ушбу корхоналарга юқори даражадаги солиқ хизматлари кўрсатилади.

Хавфлилик даражаси ўртача бўлган (сариқ йўлакча) корхоналарга нисбатан фақат камерал солиқ текшируви амалга оширилади ва ушбу корхоналарга хато-камчиликларини бартараф этиш бўйича ҳисоботини тузатиш имкони берилади ҳамда уларга нисбатан молиявий ва маъмурий жарималар қўлланилмайди.

Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, бухгалтерия ҳужжатларини ва ҳисобварақ-фактураларини сохталаштириш ҳолатлари аниқланган хавфлилик даражаси ўта юқори бўлган (қизил йўлакча) корхоналарга нисбатан солиқ аудити текшируви тадбирлари амалга оширилади. Ўз-ўзидан аниқки, бундай корхоналар доимий назоратда бўлади.

Билдирилишича, ушбу тадбирлар солиқ назоратини амалга оширишнинг шаффофлигини таъминлаб, юзага келиши мумкин бўлган коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.

 

«Kun.uz»

Добавить комментарий