Президент қарорига биноан энергия тежовчи ускуналар харид қилганларга компенсациялар берилади

Иқтисодиёт ва бизнес янгиликлари

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида имтиёз ва преференсиялар тақдим этилади.

Президент “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳужжатни имзолади.

Қарорга биноан қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида имтиёз ва преференсиялар тақдим этилади:

  • қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчилар давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан 5 йил муддатга солиқнинг барча турларини тўлашдан;
  • қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан ортиқ бўлган) ўрнатганлик учун улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан ўн йил муддатга мол-мулк солиғини ҳамда ушбу қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини тўлашдан;
  • ишлаб турган энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан 3 йил муддатга ер солиғини тўлашдан озод этилади.

2020 йил 1 январдан жисмоний шахсларга қуёш фотоелектрик стансиялари, қуёш сув иситкичлари, шунингдек, энергия самарадор газ-горелкали қурилмаларни сотиб олиш харажатларининг 30%и миқдорида, бироқ:

  • қуёш фотоелектрик стансиялари учун — 3 млн сўмдан;
  • қуёш сув иситкичлар учун — 1,5 млн сўмдан;
  • газ-горелкали қурилмалар учун — 200 минг сўмдан ошмайдиган миқдорда компенсациялар тақдим этилади.

2019 йил 1 сентябрдан илгари фойдаланилган генератор ускуналари, кучланишни пасайтирувчи трансформаторлар, электр двигателлар, шунингдек, энергия самарадорлиги D тоифадаги энергия сарфловчи ускуналар Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш тақиқланади.

 

«Spot»

Добавить комментарий