Молия вазирлиги Ўзбекистоннинг ташқи қарзи миқдорини эълон қилди

Иқтисодиёт ва бизнес янгиликлари

Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи ЯИМга нисбатан 23,8 фоизни ташкил этади. Бу ҳақда Молия вазирлиги маълумотида айтилган.

Қайд этилишича, умумий давлат қарзи 33,6 фоизни ташкил этиб, ХВЖ баҳосига кўра мўътадил даражада ҳисобланади. Дунё мамлакатларининг умумий қарзи сўнги йилларда жиддий ошиши кузатилиб, UNCTAD маълумотларига кўра, 2017 йилда 213 трлн. доллар ёки ЯИМга нисбатан 262 фоизни ташкил этган.

Вазирлик маълумотига кўра, Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси билан биргаликда ўрта муддатли қарзни бошқариш стратегияси илк бора ишлаб чиқилган. Халқаро экспертлар ёрдамида макроиқтисодий барқарорлик учун хавфсиз давлат қарзининг меъёрий миқдорлари Халқаро валюта жамғармасининг методологияси асосида ҳисоблаб чиқилди.

Ўзбекистон учун молиявий хавфсиз бўлган давлат қарзи меъёрлари ишлаб чиқишда 2030 йилгача бўлган иқтисодий ўсиш прогнозлари, инвестицион талаблар, республика иқтисодиётининг айрим ташқи ва ички рискларга чидамлилиги, сўмнинг девальвацияси, Ўзбекистоннинг энг катта савдо ҳамкорлари – Россия, Қозоғистон, Хитой, Туркиядаги иқтисодий ўсиш ва валюта тебранишлари, уларнинг экспорт ва республика иқтисодиётига таъсири ўрганилгани айтилади.

Добавить комментарий