Молия вазирлиги Тошкент вилояти мисолида илк бор «Фуқаролар учун бюджет» нашрини тақдим этди

Иқтисодиёт ва бизнес янгиликлари

Молия вазирлиги илк бора Ўзбекистон Республикаси ҳудудларидан бири – Тошкент вилояти мисолида “Фуқаролар учун бюджет” ахборот нашрини тақдим этди.

Қайд этилишича, Тошкент вилояти аҳоли сони жиҳатидан бешинчи ўринни эгаллаган ҳолда Ўзбекистонда ҳудудий жиҳатдан саккизинчи, саноат ишлаб чиқариш бўйича иккинчи, ялпи ҳудудий маҳсулот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича учинчи ўринни эгаллайди.

Тошкент вилояти ҳудудидан мамлакатнинг бир қанча йирик корхоналари – Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Ўзбекистон металлургия комбинати (Бекобод ш.), ҳамда «Ангрен» эркин иқтисодий зонаси фаолият юритмоқда ушбу эркин иқтисодий зонасида ишлаб чиқариш ва тармоқлараро кластерлар ташкил қилинмоқда. Юксак ишлаб чиқариш салоҳиятининг мавжудлиги сабабли ҳудуд Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг муҳим даромад манбаси ҳисобланади.

Ахборот нашрида Тошкент вилоятида йиғиладиган солиқларни, республика бюджетидан ажратиладиган ижтимоий трансфертларнинг қандай тақсимланиши, қайси бюджет ташкилотлари вилоят бюджетидан ва қайсилари туман, шаҳар бюджетларидан молиялаштирилишини кўриш имконияти мавжуд.

Билдирилишича, 2019 йилда Тошкент вилояти бюджети даромадлари 3 169,0 млрд. сўмни ташкил этади. Тошкент вилояти бюджети даромадларининг деярли учдан икки қисми жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШДС), ҚҚС ва акцизлар ҳисобига олинади. Ушбу солиқлар 2019 йилда Тошкент вилояти бюджети даромадларининг асосий ўсишини таъминлайди.

Тошкент вилояти бюджети даромадларида ЖШДС, ҚҚС ва акцизлар тушиши улуши 2018 йилда 25,3 фоизни ташкил этганлигини кўриш мумкин, 2019 йилда эса ушбу солиқлар тушумлари вилоят бюджети умумий даромадларининг 63,7 фоизини ташкил этиши кутилмоқда.

Йиллик айланмаси (фойдаси) 1 млрд. сўмга етган корхоналарни умумбелгиланган солиқлар тўлашга ўтказиш ҳисобига ягона солиқ тўлови тушумларини деярли 4 бараварга камайтирган ҳолда ер солиғи, акциз солиғи ва ҚҚС тушумлари ошиши кутилмоқда. 10 та энг йирик солиқ тўловчилар Тошкент вилояти маҳаллий бюджети даромадларининг 50 фоизидан ортиғини таъминлайди. Тошкент вилояти бюджети даромадига тушумларнинг 30 фоизини таъминлайдиган «Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати» (ОТМК) АЖ энг йирик солиқ тўловчи ҳисобланади.

Туманлар ва шаҳарлар бўйича вилоят бюджети умумий даромадининг 30 фоизидан ортиғи (1 928,8 млрд. сўм) Олмалиқ шаҳридан тушади. Энг паст улушлар (0,7 фоиз ёки 122,2 млрд. сўм) Оққўрғон, Қуйи Чирчиқ ва Бўка туманларига тўғри келади.

2019 йилда Тошкент вилояти бюджети харажатлари 3 169 015 млн. сўмни ташкил этади, бу эса 2018 йилга нисбатан 153 фоизга кўпдир. 2019 йилда ижтимоий-маданий тадбирлар ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун харажатлар 2 685 437 млн. сўм ташкил этади.

Добавить комментарий