Малайзиялик бизнес ҳамкорларнинг Ўзбекистонга ташрифи кутиляпти

Иқтисодиёт ва бизнес янгиликлари
Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси раиси Мухтор Умаров Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида “Consumption Union” компанияси ижрочи директори Тен Лим билан учрашди.
Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонасидан хабар беришича, “Consumption Union” Жануби-шарқий Осиё давлатларида электрон коммерцияни ривожлантириш мақсадида махсус электрон майдонлар яратиш билан шуғулланади. Мазкур компания ишлаб чиққан онлайн-платформалар обуначилари айни пайтда 10 миллион кишидан ошган.
Мулоқот чоғида Малайзия бозорида Ўзбекистон маҳсулотлари тури ва ҳажмини кўпайтириш ҳисобига ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Мамлакатимизга “Consumption Union” компанияси электрон савдо майдонларини олиб кириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бу амалиёт маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулотларини шу ердан туриб Жануби-шарқий Осиё давлатларидаги харидорларга етказиб бериш имконини беради.
Учрашув якунида малайзиялик тадбиркорлардан иборат бизнес-делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олинди. Ушбу ташриф давомида яқин келажакда мамлакатимиздан озиқ-овқат ва мева-сабзавот маҳсулотларини Малайзияга етказиб бериш бўйича экспорт шартномалари тузиш масаласи кўриб чиқилади.

 

729
ЎзА

Добавить комментарий