КОРОНАВИРУС КАРАНТИНИ ДАВРИДА АҲОЛИГА ТАДБИРКОРЛИК ТАЪЛИМИНИ БЕРИШ МАСОФАВИЙ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Иқтисодиёт ва бизнес янгиликлари

Ўзбекистон Республикасида охирги уч йилда реал иқтисодий ислоҳотларнинг чуқурлаштирилиши, ҳудудларда тадбиркорлик муҳитини тубдан яхшилаш, аҳолининг кенг қатламларини тадбиркорликка жалб қилиш ҳамда ушбу йўналишда тадбиркорларнинг зарур иқтисодий-молиявий билим ва кўникмаларга эга бўлишлари борасида устувор давлат сиёсати юритилмоқда. Тадбиркорлик таълимини институционал ривожлантиришда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси муҳим ўринга эга ҳамда бу борада олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказий бўғинига айланиб улгурди.

Хусусан, туман (шаҳар) даражасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари учун 22-соатли “Тадбиркорлик фаолияти асослари” курслари ва “Молиявий саводхонлик асослари” масофавий (он-лайн) курсларини ўтказиш изчил давом эттирилмоқда. Ҳозирги вақтда Палата тизимидаги Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази ҳамда унинг 13 та ҳудудий филиаллари томонидан, йил бошидан, жами 132 та шундай бепул ўқув курслари ташкил этилган.

Ташкил этилган ўқув курсларида 6740 нафар  тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва аҳоли бепул ўқитилган бўлиб, уларнинг 6204 нафари сертификатлар билан тақдирланганлар. Маҳаллалар аҳолиси учун қисқа муддатли “Бизнесни бошлаш учун етти қадам” мавзусида семинарлар “пилот” тариқасида жами 118 та маҳаллаларда ташкил этилди, 10,6 минг нафар аҳолига тадбиркорлик ҳақида дастлабки тушунчалар берилди.

Шунингдек, “Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастури доирасида олийгоҳларнинг 2-4-босқич талабалари 50% аудитория ва маҳорат дарслари, 50% он-лайн курсларига  асосий ўқишдан бўш пайтида қамраб олинмоқда. Бунда, йил бошидан жами 1763 талабалар фаол қатнашдилар ва Марказнинг махсус сертификатлари билан тақдирландилар.

Шу билан биргаликда, олиб борилаётган тадбиркорлик таълими жараёнининг узлуксизлиги таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан 2020 йилнинг 15 март куни белгиланган, Ўзбекистонга коронавирус инфекцияси кириб келишининг олдини олиш чора-тадбирлари ижросини таъминлаш мақсадида, Палата тизимида буйруқ қабул қилиниб, тадбиркорларни ва аҳолини тадбиркорликка ўқитиш масофавий режимга ўтказилди.

Энг аввало, аҳоли ва тадбиркорларни масофавий ўқитишни йўлга қўйишда Палатанинг businessinfo.uz, Марказнинг alternatus.uz ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари саводхонлигини оширувчи director.uz онлайн ўқув курслари портали манбаларидан кенг фойдаланилади. Масалан, director.uz порталининг «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари саводхонлигини ошириш» курси пул маблағларини оқилона бошқаришни ўргатади.

Иккинчи масала – бу курс сўнгида онлайн сертификат берилишидир. Бунда, director.uz порталининг асоси 11 та дарс ўқув материаллари матнлари, видео, тестлар, масалалар, вебинарларлардан иборат. Ҳаммаси  содда тилда келтирилган. Тингловчи дарс матнини ўқийди, видео-дарсни кўради, тест топширади, шундан сўнг кейинги дарсга ўтади. Амалий машғулот ва вебинарлар жадвал бўйича олиб борилади. Мазкур курсни муваффақиятли тугатган тингловчилар махсус сертификатга эга бўлишади.

Учинчидан, Палатага мурожаат этиб, тадбиркорликка ўқиш истагини билдирган фуқаролар билан қайта алоқа йўлга қўйилган бўлиб, Палата Call-маркази ходимлари га бепул онлайн ўқув курслари портали манбаларидан фойдаланиш бўйича тавсиялар беришмоқда. Тингловчиларга, шунингдек,  alternatus.uz ва businessinfo.uz портали воситасида “Бизнесни бошлаш учун етти қадам” мавзусида семинар материалларидан, 70дан ортиқ йўналишдаги бизнес-режалардан ҳамда махсус адабиётлардан, қонунчилик ҳужжатларидан фойдаланишлари тушунтириб борилмоқда. Буларнинг барчаси аҳолимиз учун бепул тарзда таъминланмоқда.

Добавить комментарий