Кичик саноат зоналари қандай ишламоқда?

Иқтисодиёт ва бизнес янгиликлари
Фарғона вилоятида ташкил этилган кичик саноат зоналарида ҳозирга қадар 342,6 миллиард сўмлик 52 лойиҳа ишга туширилиб, 1 минг 491 янги иш ўрни яратилди.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан 2018 йилда 1,3 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, ўтган йилда бу кўрсаткич 48,9 миллиард сўмни ташкил этди. 195,75 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилинди.
Бугунги кунда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, фойдаланилмаётган, фаолият юритмаётган ишлаб чиқариш майдонлари негизида экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий корхоналарни ташкил этишда кичик саноат зоналарининг ўрни катта. Чунки бу ерда зарур шароитлар мавжуд.
photo5282896060429216905.jpg
– Дирекция томонидан мавжуд кичик саноат зоналари муҳандислик- коммуникация тизими самарадорлигини ошириш, ҳудудларга экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи лойиҳа ташаббускорларини жалб этиш, тадбиркорлар билан елкама-елка туриб, лойиҳаларнинг ўз вақтида ишга туширилиши учун яқиндан кўмаклашиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда, – дейди вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги кичик саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекцияси раҳбари Шокиржон Аҳмедов. – Ҳозирги кунда вилоятда умумий майдони 107,2 гектар бўлган 14 кичик саноат зонаси фаолият кўрсатмоқда. 2018 йил февраль ойидан 2019 йилнинг июнь ойига қадар ташкил этилган вилоят эркин иқтисодий зона ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши тендер комиссияси томонидан ўтказилган танловлар асосида уларда 847,8 миллиард сўмлик умумий қийматга эга бўлган 112 лойиҳа жойлаштирилди. Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида вилоятда 4 минг 541 янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
photo5282955227898686371.jpg
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 21 июндаги “Кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан шаҳар ва туманлардаги барча кичик саноат зоналарини бошқариш дирекциялари тугатилиб, улар вилоят кичик саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекцияси тасарруфига бирлаштирилди.
Ташқи муҳандислик коммуникациялари ва инфратузилмалар кичик саноат зоналарида тадбиркорлик субъектларини жойлаштиришга оид ишлаб чиқилган лойиҳаларга биноан қурилиш ва модернизация қилиш бўйича хулоса ва таклифлар ишлаб чиқилди. Бу жараёнда кичик саноат зоналаридаги мавжуд муҳандислик-коммуникация тармоқларининг ҳолати ва қувватига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, заруриятга кўра қўшимча табиий газ, юқори қувватли электр энергия тармоғи тортиш, юқори кучланишли трансформаторлар ўрнатиш, шунингдек, сув таъминоти тармоғини тортиш ва сув минорасини ўрнатиш, ички ва ташқи йўлларни таъмирлаш каби вазифаларни босқичма-босқич бажариш белгиланди. Шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ривожланишдан орқада қолаётган туман ва шаҳарларда янги кичик саноат зоналари ташкил этиш мақсадида ушбу ҳудудлар салоҳияти, рақобатдаги устувор йўналишлари, табиий ва меҳнат ресурслари, тадбиркорлик муҳити ўрганиб чиқилди. Ҳудудларда ишлаб чиқариш ва саноатни ривожлантириш, тадбиркорлар томонидан истиқболли инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш мақсадида қўшимча 24 кичик саноат зонасини ташкил этиш юзасидан таклиф берилди.
Вилоятдаги кичик саноат зоналарида қўшимча муҳандислик- коммуникация тармоқларини тортиш, қўриқлаш ва ёритиш тизими самарадорлигини ошириш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай шароит яратиш борасида дирекция маблағлари ҳисобидан ҳам бир қатор бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Жумладан “Қувасой” кичик саноат зонасида 1 километр ички сув ва газ тармоғи, 800 метр ички электр қуввати тармоғи тортилди. 2 километрдан зиёд ички йўллар таъмирланди, ҳудуд тўла ёритиш ва видеокузатув қурилмалари билан жиҳозланди. Кўргазмалар зали ташкил этилиб, бино тўлиқ таъмирланди. “Фарғона механика” кичик саноат зонаси ҳудудида тўлиқ ёритиш қурилмалари ва кузатув камералари ўрнатилди. Тадбиркорлар ва ишчи ходимлар учун ошхона, савдо дўкони ташкил этилди. Ҳудудда ободончилик ишлари амалга оширилди. Сув, газ ва электр тармоқлари етиб бормаган ички ҳудудларга коммуникация тармоқлари тортилди. Шунингдек, Данғара, Фурқат, Ёзёвон туманидаги кичик саноат зоналари ҳудудида ички йўлсозлик ишлари амалга оширилди. Марғилон шаҳридаги “Наврўз” ва “Надирмат” кичик саноат зоналарида қўшимча газ ва сув тармоқлари тортиш лойиҳалаштирилди. Марғилон шаҳридаги кичик саноат зоналарида электр энергиясида бўлиб турадиган узилишларга чек қўйилиб, бир маромда таъминланмоқда.
Марғилон шаҳридаги “Наврўз” кичик саноат зонасида 15 лойиҳа ишга туширилган бўлиб, 5 лойиҳа бўйича қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу ердаги “Ал сафо Марва” ва “Абду Сиддиқ барака” хусусий корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган атлас, адрас ва бахмаллар республикамиз ички бозорларининг безаги саналиб, харидоргир бўлмоқда. “Надирмат” кичик саноат зонасида фаолият юритаётган “Сениорита” хусусий корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган бежирим чарм-пойабзал маҳсулотлари, “Саховат бисквит” оилавий корхонасининг печенье, вафли ва ширинликларига қўшни давлатларда ҳам талаб юқори.
Фарғона шаҳрида жойлашган “Фарғона механика” кичик саноат зонасида умумий қиймати 335,3 миллиард сўм бўлган 21 лойиҳа амалга оширилиши натижасида 1 минг 776 янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Бугунги кунда умумий қиймати 33,9 миллиард сўмлик 6 лойиҳа амалга оширилди. “Ferghana wonderland textile” масъулияти чекланган жамияти иш бошлаганига қисқа вақт бўлган бўлса-да, сифатли маҳсулотлари билан ички бозорда ўз харидорини топди.
– Бу ерда биз учун барча шароит яратилган, – дейди жамият раҳбари Акмал Собиров. – Трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича 2,5 миллиард сўмлик лойиҳани амалга оширдик. Ҳозирда 50 нафар хотин-қиз иш билан таъминланди. Маҳсулотларимизни экспорт қилиш бўйича ҳам иш олиб бораяпмиз.
“Fer Anter Carpets” масъулияти чекланган шаклидаги ўзбек-турк қўшма корхонаси ҳам янги йилдан маҳсулот ишлаб чиқара бошлади. Бу ерда тайёрланаётган турли ҳажмдаги гиламлар жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлмоқда. Шунингдек, “Долина мебель сервис” масъулияти чекланган жамияти халқимизга манзур бўладиган мебель маҳсулотлари ишлаб чиқармоқда. Бунинг учун Германиянинг замонавий технологияларидан самарали фойдаланилмоқда.
“Forestcolor” масъулияти чекланган жамияти томонидан ҳам истиқболли лойиҳа ишга туширилиб, ички ва ташқи бозор талаблари асосида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
– Юртимизда биз, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга муҳим эътибор қаратилаяпти, – дейди жамият раҳбари Рашид Шоматов. – Биз бу имкониятга жавобан мазкур лойиҳани жорий этдик. “Микрокредитбанк” АТБ Фарғона вилояти филиали бизга кўмакдош бўлиб, 300 минг АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратди. Бунинг эвазига замонавий дастгоҳлар сотиб олиб, сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришга эришдик.
Албатта, бу каби ишлар нафақат шаҳарларда, чекка ҳудудларда ҳам давом этмоқда. Данғара, Фурқат, Қўштепа, Ёзёвон, Ўзбекистон, Қува туманларида ҳам янги лойиҳалар ишга туширилмоқда. Бу эса саноат салоҳиятини янада ошириш имкониятини бермоқда. Шунингдек, кичик саноат зоналаридан лойиҳалар жойлаштирилмаган 31,2 гектар бўш ер майдонлари жорий йил биринчи чорагида белгиланган тартибда 130 лотга ажратилиб, маъмурий кенгаш тендери асосида ушбу лотларга импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳаларни жойлаштириш кўзда тутилган. Мазкур ҳудудларга экспортбоп, импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарувчи лойиҳа ташаббускорларини жалб этиш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида бу ҳудудларда бизнес юритиш истагида бўлган тадбиркорлар сони кун сайин ошиб бормоқда. Улардан истиқболли таклифлар ва мурожаатлар келиб тушмоқда. Бўш турган лотлар ва янгитдан ташкил этилиши кўзда тутилаётган кичик саноат зоналари тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали уларга батафсил маълумот бериб борилмоқда.

 

1 011
Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ, Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА

Добавить комментарий