Жаҳон банки вакиллари Ишга марҳамат Мономарказига ташриф буюрди.

Иқтисодиёт ва бизнес янгиликлари

        Мономарказга ташриф буюрган Жаҳон банки вакиллари марказ фаолиятига доир бир қатор таклифларни билдиришди. Улар Марказнинг кейинги тараққиёти учун маблағ ажратиш масаласини муҳокама қилган бўлсалар, Осиё тараққиёт банкидан келган вакил ҳам ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Жумладан, Осиё тараққиёт банки, Халқаро тадбиркорликни ривожлантириш ташкилоти директори Наотака Савада томонидан билдирилган фикрлар Мономарказнинг янада ривожланиши учун асос бўлиб хизмат қилса ажабмас.

У «Тадбиркорлик курслари»ни кузатди. Мономарказ ходимлари ва Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази директори Улуғбек Камолиддинов билан бўлган суҳбатда меҳмон марказда тингловчиларга ўз тадбиркорлик фаолиятларини бошлашлари учун қандай ёрдам берилаётгани, дарслар қай тарзда олиб борилаётгани, шунингдек, тингловчилар учун қандай имкониятлар яратилгани билан қизиқди. Бинони кўздан кечириш жараёнида у Мономарказда яратилган шароитлар билан танишди, минитехнологиялар залида бўлиб ўтган учрашувда бир қатор таклифларни ўртага ташлади. Улуғбек Камолиддинов Мономарказда ташкил этилган тадбиркорлик курслари ҳақида маълумот берар экан, ушбу курслар нафақат Мономарказда, балки бутун республика бўйлаб йўлга қўйилгани, тингловчилар, биринчи навбатда, касб ўрганиши, кейин тадбиркорлик курсларида бевосита ўз билимларини мустаҳкамлаши, агар тингловчиларнинг кичик бизнес юритиш ниятлари бўлса, Марказнинг ўзида минибанк имтиёзли кредит ажратиши, сўнг соҳа мутахассислари томонидан керакли маслаҳатлар берилишини таъкидлаб ўтди. Жаноб Савада қуйидаги таклифларни илгари сурди: Мономарказ фаолиятини янада такомиллаштириш учун ҳар бир касб бўйича таълим олган тингловчилар кичик бизнес очиш ёки бирор-бир ташкилотда қисқа вақт ичида ишлаб кета олиши учун аниқ соҳа бўйича иш берувчи ташкилотларнинг талабларини ўрганиб, аниқ йўналишларни ҳисобга олган ҳолда улар билан шартнома тузиш; кичик корхоналар билан икки томонлама шартномаларни янада такомиллаштириш; педагоглар, муҳандис усталарнинг малакасини доимий ошириб бориш; Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва ишлаб чиқарувчи ташкилотлар билан доимий узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва Мономарказ курсларида давомли ўқишни йўлга қўйиш.

Мономарказда маълум бир касбни тез ўрганган тингловчи ушбу касбни давомли тарзда ўрганган тингловчилардан фарқли ўлароқ, касбнинг амалий жиҳатларини тезроқ ўзлаштириб, ўз фаолиятини иложи борича тезроқ йўлга қўйиши кераклигини Мономарказ директорининг ўринбосари Надима Ташметова алоҳида таъкидлади. Жаноб Наотака Саваданинг таклифларига яна тўхталадиган бўлсак, тадбиркорлик курсини тугатган тингловчилар ўз касблари доирасида олган имтиёзли кредитларини нафақат бизнес, балки олган билимларини янада мустаҳкамлаш учун сарфлаши кераклигини, «Бизнес ментор» устоз-шогирд анъанасига риоя этган ҳолда, педагогик хизматлари учун ҳам қўшимча ҳақ олиши мумкинлигини таъкидлади. Ушбу амалиёт дунё тадбиркорлигида яхши йўлга қўйилган. «Тадбиркорлик курси базасини янада мустаҳкамлаш учун 3 нарса муҳим, – дейди япониялик меҳмон, – булар консультант, яъни ўз бизнесини йўлга қўйган кичик тадбиркор, ментор – педагог-тадбиркор ва Мономарказ тадбиркорлик курсларини битириб ўз бизнесини йўлга қўйган ўқувчилар уюшмаси. Ўқувчилар уюшмаси ташкил этиладиган бўлса, бизнесини йўлга қўйган ҳар бир ўқувчи ҳам ўз тажрибаси билан ўртоқлашади, ҳам бошқаларга ёрдам беради».

Добавить комментарий