Глобал иқтисодиётдаги силкинишларнинг Ўзбекистонга таъсири қандай бўлади? – Экспертлар фикри

Иқтисодиёт ва бизнес янгиликлари

Коронавирус пандемияси оқибатида дунё иқтисодиётида юзага келадиган силкинишлар Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилади? Kun.uz мухбири ушбу савол билан икки экспертга юзланди.

Коронавирус пандемияси ортидан иқтисодий хатарлар ҳам кўзга ташланяпти. Бир йил ичида глобал иқтисодий инқироз юзага келиши ҳақида гапираётган етакчи экспертлар ҳам кўплаб топилади.

Албатта, жаҳон бўйлаб инфекция тарқалиши давом этар экан, дунё давлатлари кўрадиган иқтисодий зарар кўлами ОАВ ва турли таҳлил компанияларининг бош мавзуларидан бирига айланган.

Хўш, коронавируснинг Ўзбекистон ва жаҳон иқтисодиётига таъсирини қандай тахмин қилиш мумкин, зарар кўлами қай даражада бўлиши кутилмоқда?

Ўзбекистон келгусида макроиқтисодий мувозанатни таъминлашга қаратилган қандай зарурий чора-тадбирларни кўриши керак?

Kun.uz мухбири шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, иқтисод фанлари доктори, профессор Нодир Жумаев ҳамда Банк-молия академияси кафедра мудири, иқтисод фанлари доктори, профессор Дилшоджон Раҳмонов билан суҳбатлашди.

«Иқтисодий ўсиш 2,8 фоизгача пасайиб, охир-оқибатда 2008 йилдаги инқироз қайтиши мумкин»

Жаҳон банки маълумотларига кўра, дунё иқтисодиёти 2009 йилдан буён ўзининг дастлабки юқори иқтисодий ўсишига эриша бошланганда, коронавирус таъсирининг юзага келиши глобал иқтисодиётни яна хавф остига қўйди.

Хўш, глобал иқтисодий хавфлар келгусида нималарда ўз аксини топиши мумкин?

Нодир Жумаев

Нодир Жумаевнинг фикрича, бу борадаги хавфлар 4 йирик йўналишда кўринади.

«Коронавирус пандемиясининг кенг тарқалиб бориши ва унга қарши кўрилаётган мажбурий чоралар биринчидан, халқаро савдонинг ярмини ташкил этувчи глобал қўшимча қиймат занжири камайишига таъсир қилади.

Иккинчидан, вирус аниқланган мамлакатлардан капитал қоча бошлади.

Учинчидан, инсонлар уйларида қолишлари сабабли ишлаб чиқаришга йўналтирилган завод ва фабрикалар бўш ёки ишсиз қолмоқда.

Тўртинчидан эса ривожланаётган мамлакатларда транспорт ва туризм соҳасининг етакчилиги ушбу иқтисодиётларга салбий таъсир кўламини оширади», деди у.

Қонунчилик палатаси депутати глобал иқтисодий пасайишлар бўйича халқаро ташкилотлар таҳлиллари бўйича ҳам маълумот берди.

У ҳаво транспортида йўловчи ва юк ташиш, молиявий транзакциялар, ахборот технологиялари хизматлари кабилар бўйича савдолар ҳажми кескин пасайиб кетаётганига эътибор қаратди.

«Бу борада Bloomberg маълумотларига ҳам эътибор қаратиш ўринли. Унга кўра, вирус таъсири натижасида жаҳон ЯИМ 2020 йилнинг ўзида 2,7 трлн. доллари миқдорида йўқотишга дуч келади.

Биласиз, йирик иқтисодий қудратга эга давлатлар (масалан, G20)нинг аксарият қисмида вирус билан касалланиш ҳолатлари аниқланди, айримлари эса вирус ўчоғига айланди.

Бунинг натижасида 2020 йилда евроҳудуд 1,2 фоизга, АҚШ иқтисодиёти эса 0,6 фоизга камайиши мумкинлиги башорат қилинмоқда.

Бу борада нуфузли таҳлил ташкилоти – Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига кўра, жаҳон иқтисодиёти 2 баробарга секинлашиб, иқтисодий ўсиш 1,5 фоизга тенг бўлиши мумкин.

Тўғри, 2020 йил 8 январда Жаҳон банки томонидан 2020 йил учун прогнозларида ривожланган иқтисодиётлар 2,5 фоиз, ривожланаётган иқтисодиётларнинг эса 4,1 фоиз иқтисодий ўсишга эришиши бўйича маъруза-ҳисоботлари эълон қилинган эди. Лекин, бу маъруза прогнозларида вируснинг кенг кўламли таъсири инобатга олинмаган. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Жаҳон банки тахминлари ўзини оқламайди.

Жаҳон банки 2019 йил якуни бўйича иқтисодий ўсишдаги пасайиш кўрсаткичларини АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо санкциялари ва халқаро инвестиция оқимининг пасайиши билан асосланган эди.

Шундай бўлишига қарамасдан, вируснинг иқтисодиётга таъсирини фавқулодда баҳолаш муҳим ҳисобланади.

Эътибор бераётган бўлсангиз, мен саволингизга жавоб беришда кўпроқ дунёнинг нуфузли ташкилотлари маълумотларига таяняпман.

Бу борада мен Bank of America экспертларининг таҳлиллари ҳақида ҳам гапирган бўлардим. Ушбу банк вакиллари хулосасига кўра, Хитой иқтисодиётининг пасайиши дунё иқтисодиётига жиддий таъсир этиб, келгусида ҳаттоки ўсиш 2,8 фоизгача пасайиб, охир-оқибатда 2008 йилдаги инқироз қайтиши мумкин. Ҳар ҳолда, улар шундан огоҳлантирмоқда», деди Нодир Жумаев.

«Жаҳон иқтисодиётидаги ўзгаришларнинг Ўзбекистонга таъсири олдингига нисбатан юқори бўлади»

Юмшоқ қилиб айтганда, пандемиянинг салбий оқибатлари жаҳон иқтисодиётига чуқурроқ интеграциялашаётган Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмайди, дейди Банк-молия академияси кафедра мудири, иқтисод фанлари доктори, профессор Дилшоджон Раҳмонов.

Дилшоджон Раҳмонов

«Буни қуйидагича изоҳлаш мумкин. Биринчидан, Ўзбекистон очиқлик сиёсатини кенг кўламда амалга ошираётгани жаҳон иқтисодиётидаги ўзгаришларга сезувчанликни оширади.

Иккинчидан, ўтган қисқа ислоҳотлар даврида хорижий инвестицияларнинг оқими ошди. 2019 йилда 4 млрд доллардан ортиқ тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилди.

Учинчидан, давлат ташқи қарзи 2016 йилга қадар 10 фоизга етмаган бўлса, кейинги даврда хориж маблағлари кенг жалб этилди. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонга жаҳон иқтисодиётидаги ўзгаришларнинг таъсири олдингига нисбатан юқори бўлади.

Шунинг учун, асосий савдо ҳамкорлари бўлган мамлакатларда коронавируснинг салбий таъсири Ўзбекистонга ҳам ўзининг сезиларли таъсирини ўтказади. Бу борада, айниқса, ташқи савдо айланмамизда импортнинг улуши қарийб 60 фоизга яқинлиги импорт товарлар бозорида баъзи хавотирларни келтириб чиқариши мумкин», – деди Дилшоджон Раҳмонов.

Ўзбекистоннинг йирик ташқи савдо ҳамкорлари Хитой (18,7 фоиз), Россия (15 фоиз), Қозоғистон (8,3 фоиз), Жанубий Корея (6,6 фоиз) ва Туркия (5,8 фоиз) мамлакатларидан Хитой ва Жанубий Корея вируснинг ўчоқларидан бири бўлиб турибди.

Рахмоновнинг Хитой Бош божхона бошқармаси маълумотларига таяниб айтишича, 2020 йилнинг январь-февраль ойларида Хитой Халқ Республикасида экспорт ҳажми 17 фоизга тушиб кетиши юзага келиб, савдо балансида салбий фарқ шаклланишига сабаб бўлган.

«Экспорт ҳажми 292,5 млрд долларни ташкил этди. Яна шуни таъкидлаш лозимки, вируснинг кенг миқёсда тарқалиб ташқи савдога таъсир этиши мумкин бўлган давр айнан Хитойнинг миллий байрами билан бир даврда бўлишига тўғри келди. Бу эса вируснинг салбий оқибатларини пасайтиришга ёрдам берди, дейиш мумкин. Масалан, Россиянинг Хитойга экспорти 22 фоизга ўсган бўлса, аксинча, Хитойнинг Россияга экспорти 15 фоизга камайди. Натижада, жорий йилнинг 20 февраль куни Россия молия вазири Антон Силуанов мамлакат кунига 1 млрд рубл йўқотаётганини қайд этди.

Хулоса қилиб айтганда, Хитойнинг савдо ҳамкорлари Хитойнинг экспорт қилмаслик эҳтимолидан молиявий зиён кўришмоқда. Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкори сифатида Хитойдан қилинадиган маҳсулотлар ҳажмининг камайиш эҳтимоли натижасида мамлакатимизда ялпи талаб ошиши мумкин.

Ўзбекистонинг 2019 йилнинг январь-сентябрь ойларидаги экспорт товарлари таркибидаги айрим маҳсулотларни кўриб ўтсак. Хитой ва Туркия ўзбек пахта толасининг энг йирик импортёрлари ҳисобланади. Бунда кўрсаткичлар мос равишда 141,0 ва 9,0 млн долларга тенг.

Ушбу мамлакатларга пахта толасини экспорт қилмаслик Ўзбекистонга жиддий таъсир ўтказмайди, сабаби 2020 йилдан ушбу маҳсулот тўлиқ бозор муносабатлари орқали давлат сотадиган стратегик маҳсулотлар таркибидан чиқарилди.

Энергия манбаларини экспорт қилишда тўхталишлар бўлмаслиги мумкин, сабаби табиий энергия аҳоли истеъмоли учун доимий талабни шакллантиради.

Навбатдаги йўналиш – озиқ-овқат. Бунда Ўзбекистоннинг озиқ-овқат маҳсулотларига асосий импортёрлар Россия ва Қозоғистон ҳисобланади. Ўртадаги умумий ҳажм 385,0 млн. доллар.

Бу рақам – тахминан Хитойга пахта экспортидан даромаднинг 2,5 баробарига тўғри келишини ҳам қайд этиб ўтиш керак.

Шу ўринда эътиборга арзирли яна бир маълумот: Ўзбекистонда озиқ-овқатлар экспорти жами экспортда 8,4 фоиз бўлса, импортда 7,5 фоизни ташкил этади.

Фикримча, Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари сезиларли даражада ошмайди. Сабаби, биз озиқ-овқат импортига боғланган мамлакат эмаслигимиз юқоридаги рақамлардан маълум бўлмоқда», – деди профессор.

Дилшоджон Раҳмоновга кўра, ҳозирда хизматлар бозори экспортида туризм ва транспорт соҳасининг улуши 90 фоизни ташкил қилади. Бунда жумладан, сафарлар (туризм) 50,8 фоиз ва транспорт хизматлари 38,8 фоиз. Сезиш мумкинки, пандемия туфайли хизматлар бозорида ҳам сезиларли пасайиш кузатилиши мумкин.

Кўплаб мамлакатлар, хусусан Ўзбекистон ҳам йўловчи ташиш хизматини вақтинчаликка тўхтатди. Натижада, туризм соҳаси (ташқи ва ички) ўзининг қисқа муддатли инқироз ҳолатига юз тутиши мумкин.

Банк-молия академияси кафедра мудири вазиятдан келиб чиқиб хизматлар бозорида қуйидаги ўзгаришлар бўлиши мумкинлигини таҳмин қилди:

  • Авиайўловчилар сонининг камайиши натижасида авиакомпанияларнинг молиявий барқарорлигига хавф туғилади;
  • Темирйўл қатновининг пасайиши темирйўл компаниясининг ҳолатига таъсир қилмаслиги мумкин, сабаби юк ташишлар давом этаётгани ушбу соҳанинг асосий молиявий натижаларини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга;
  • Ўзбекистондаги туризм инфратузилмаси (меҳмонхона, ички транспорт ва бошқа хизматлар)нинг қисқа муддатли молиявий беқарорлиги юзага келади.

«Соҳанинг хусусий секторида меҳнат қилувчилар даромадининг камайиши ортидан уларнинг сотиб олиш қобилияти ва истеъмоли қисқариши мумкин. Натижада, улар учун нархлар қимматлашгандек ҳисобланади ва айрим истеъмолларини вақтинчалик қисқартиришлари лозим бўлади.

Эшитишимча, коронавируснинг олдини олиш учун яратиладиган вакциналарни топишга йиллаб муддат керак. Демак, иқтисодий таъсирнинг олдини олиш, аввало вирусга қарши вакцинани топиш билан бевосита боғлиқ. Вакцина қанчалик тез топилса, иқтисодий оқибатларни шунчалик тез бартараф этиш имконияти топилади», – у.

Суҳбатдошимиз ўзининг қисқа ўрганишлардан сўнг қуйидаги хулосаларни айтиши мумкинлигини таъкидлади:

  • Мамлакатларда иқтисодий ўсиш даражаси ўрта муддатли даврда пасайиши кузатилади.
  • Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш қийинлашиши мумкин. Бунинг олдини олиш ва миллий фонд бозори барқарорлигини сақлаб туриш учун ички истеъмолни таъминлаш лозим бўлади.
  • Жаҳон миқёсида макроиқтисодий мувозанат беқарорлашуви ортидан ЯИМ ҳажми қисқаради. Мувозанат бузилишига импорт самараси таъсирини камайтириш учун фоиз ставкаларини тушириш орқали ички истеъмолни таъминлаш муҳим ҳисобланади. Натижада, инсонлар кредитлар олиш имконияти ошиб, ялпи талаб ва ялпи таклиф мувозанатига эришиш мумкин.
  • Туризм соҳасида турғунлик юзага келиши кузатилади. Натижада, ишсизлик юзага келиши ва иқтисодий ўсишга ҳам салбий таъсир кузатилиши мумкин.

«Ҳар қандай демократик давлат вируснинг ижтимоий оқибатларини бартараф этишда харажатларни ўз зиммасига олади»

Коронавирус таъсири ўз-ўзидан давлат бюджетига ҳам тасир кўрсатади. Ўзбекистон ҳукумати бу борада қандай чоралар кўриши керак?

Нодир Жумаевнинг айтишича, ҳар қандай демократик давлат вируснинг ижтимоий оқибатларини бартараф этишда харажатларни ўз зиммасига олишига тўғри келади.

«Бу эса, бюджет харажатларини ошишига таъсир этади. Ҳозир ҳукумат бюджет маблағларини муҳокамаларсиз сафарбар қилмоқда. Жумладан, оғир шароитда ва ҳаётини хавф остига қўйиб фаолият юритаётган шифокорларга қўшимча ҳақларнинг тўланиши назарда тутилди.

Яна вирусни аниқлаш, карантин ва даволаш билан боғлиқ барча тадбирлар бюджетдан молиялаштирилмоқда.

Шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларнинг тўловга қобиллиги вирус оқибатида тушиши мумкинлиги инобатга олиниб, Марказий банк активлар сифатига қўйилган талабларни қисқа муддатга енгиллаштирди.

Бу каби чора-тадбирлар ўз ўрнида макроиқтисодий тебранишларнинг фавқулодда таъсирини қисқа муддатли тадбирлар билан бартараф этишга эътибор берилаётганлигини англатади.

Аҳолининг сотиб олиш қобилиятини оширишга қаратилган чораларнинг қўллангани, хусусан, даромад солиғи туширилгани ўзининг ижобий тасдиғини топяпти.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда эпидемик ҳолат натижасида аҳолининг истеъмоли айрим харажатлари вақтинчалик қисқариши натижасида аҳоли даромадларининг жамғариш босқичига ўтиши юз бериши ва истиқболда молиявий хизматларга бўлган талабни ошириши мумкин», – деди Жумаев.

«Шу ўринда халқимизга яна бир нарсани эслатган бўлардим. Ўзбекистон президенти, ҳукумат фуқароларга уларнинг хавфсизлиги назорат остида эканлигини, озиқ-овқат ва бошқа масалаларга етишмовчиликлар бўлмаслигини айтиб, тинимсиз мурожаат қилмоқда. Бунинг маъсулиятини ўз зиммасига олмоқда. Демак, бу маъсулиятга яраша фуқаролар ҳам унга ишониши керак», – дея фикрларига хулоса ясади депутат Нодир Жумаев.

Халқаро молия ташкилотлари кўмак маблағлари ажратишга тайёр

Дейлик, коронавирус пандемияси инсоният томонидан яқин орада енгиб ўтилди. Ундан иқтисодиёти катта зарар билан чиққан давлатлар учун халқаро молия ташкилотлари нималар таклиф қилиши мумкин?

Суҳбатдошимиз профессор Дилшоджон Раҳмоновнинг айтишича, жаҳон иқтисодиёти молиявий инқирозларни бошидан кечираётган бир даврда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) томонидан 2015 йилда қайта ташкил этилган Фавқулодда ҳолатлардан ҳимоя қилиш ва оқибатларни бартараф этиш фонди (Catastrophe Containment and Relief Trust) айнан ривожланаётган мамлакатларда турли табиий офатлар ва оммавий касалликлар оқибатларини бартараф этишни назарда тутган.

«Ушбу фонд маблағлари қайд этилган йўналишларда Халқаро ривожланиш ассоциацияси мезонлари (ЯИМ киши бошига 1165 АҚШ доллари ёки аҳолиси 1,5 млн.дан кам бўлган давлатларга 2230 АҚШ доллари) асосида берилиши мумкин.

2020 йил 11 март куни Буюк Британия ХВЖнинг мазкур фондига коронавирусдан азият чекаётган иқтисодиётлар учун 150 млн. фунт стерлинг грант маблағларини ажратишини маълум қилди. Бу эса, донор мамлакатнинг дастлабки молиявий ёрдами бўлди.

2 март куни ХВЖ бошқарув директори Кристалина Георгиева ва Жаҳон банки президенти Давид Малпас қўшма баёнот билан чиқиб, вирус сабабли иқтисодий қийинчиликларга юз тутаётган мамлакатларга молиявий кўмак беришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Бундан ташқари, Жаҳон банки вируснинг иқтисодий оқибатлари ва уни бартараф этиш учун 12 млрд. АҚШ доллари миқдорида молиявий ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди», деди профессор.

Рахмоновнинг фикрича, халқаро молия ташкилотлари томонидан йирик кўмак маблағлари таклиф қилинаётганига қарамасдан жаҳон давлатларининг молия ташкилотларига мурожаати кузатилмаслиги ҳам мумкин.

«Чунки, биринчидан, ушбу эпидемиядан Хитойнинг ўзи қисқа муддатда чиқишга эришмоқда.

Иккинчидан, вируснинг бирламчи ўчоғига айланган Европа Иттифоқи мамлакатлари Еврокомиссия раҳнамолигида халқаро ташкилотларнинг молиявий кўмагини жалб этмаслиги мумкин», – деди Дилшоджон Раҳмонов.

 

Илёс Сафаров суҳбатлашди

Добавить комментарий