Гаровдаги мулкка бўлган ҳуқуқлар тадбиркор манфаатини ҳимоя қилади

Иқтисодиёт ва бизнес янгиликлари

Мамлакатимиз банк-молия тизимини эркинлаштириш, соҳада инвестиция муҳитини янада яхшилаш, иқтисодиётга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишни кенгайтириш мақсадида илғор халқаро тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнлар, табиийки, гаров таъминоти муносабатларини ҳам четлаб ўтмайди.

Шу боис, инвестиция муҳитини яхшилашда таъминот бозорининг ривожланиши, унинг шаффофлиги катта аҳамиятга эга. Бу жараёнлар молиявий ресурслардан фойдаланишда қулай шароитларни яратиши баробарида уларга бўлган эҳтиёж ошишини ҳам тақозо этади.

ЎзА мухбирининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги “Гаров реестри” ДУК директори Аҳмадхон МАМАТОВ билан суҳбати янги иқтисодий ислоҳотлар жараёнида бу йўналишдаги ўзгаришлар ва унинг амалий натижалари хусусида бўлди.

– Гаров реестри кредиторнинг гаров мулкига бўлган ҳуқуқи устуворлигини аниқлашга шароит яратиб, гаров таъминоти остида кредит олишни осонлаштириши билан рискларни, тўғрироғи, кредитлар қайтмаслигидан пайдо бўладиган зарарларни камайтиради, – деди А.Маматов. – Кўчар ва кўчмас мулклардан таъминот сифатида фойдаланиш бўйича меъёрий базанинг ислоҳ қилиниши корхоналар мавжуд мол-мулкидан ўз фаолиятини ривожлантириш учун олинадиган кредитлар таъминот сифатида фойдаланишга имкон яратади.

Республикамизда гаров реестрини юритиш йўлга қўйилганига беш йилдан ошди. Демак, гаров реестрининг асл мақсади нима деган савол туғилиши табиий. Гаров реестри – гаров муносабатларида кўчар мулкларни, шу жумладан, асбоб-ускуналар, инвентарь ва хомашёлар, дебитор қарзлар, интеллектуал мулк, қишлоқ хўжалигининг кутилаётган ҳосили ва бошқа кўчар мулкларни қўллаш орқали молиялаштириш имкониятини кенгайтириш ва кредитлаш жараёнини тезлаштиришга шароит яратади.

Бироқ гаров муносабатларида гаров ҳисобидан кредиторлар талабларини қондириш тартиби Ўзбекистон Республикасининг “Гаров тўғрисида”ги қонуни 15-моддаси ва “Гаров реестри тўғрисида”ги қонуннинг 9-моддасида турли хил (бир-бирига номувофиқ) белгиланганлиги ва бошқа жараёнларнинг мураккаблиги гаров реестрини юритишда кутилган натижани бермаётган эди. Шуни инобатга олган ҳолда ҳамда тадбиркорлик фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида таъминот мулкига бўлган ҳуқуқларни мустаҳкамлаш, уларнинг шаффофлик ва очиқлигини таъминлаш борасида қонунчилик ҳужжатларида бир қатор янги меъёрлар белгиланди.

Жумладан, 2019 йил 22 октябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Кредиторларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш кучайтирилиши ҳамда тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни билан 11 та қонун ҳужжатига таъминот муносабатларида кредиторларнинг қарздор мулкига бўлган ҳуқуқлари устуворлиги, таъминот ҳисобидан талабларни қондириш ва бунда гаров реестрига ёзув киритган кредиторлар бир қатор имтиёзларга эга бўлиши белгиланиб, ушбу меъёрлар “Гаров реестри тўғрисида”ги қонун талаблари билан мувофиқлаштирилди.

– Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига мувофиқ, қарздорнинг кредиторлар олдидаги мажбуриятлари бажарилмаган тақдирда таъминот ҳисобидан кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш қай тарзда амалга оширилади?

– Мазкур ўзгаришларга биноан, кредиторлар томонидан гаров реестрига тегишли мол-мулкка бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги ёзувларни киритишнинг хронологик тартибига (вақти ва санасига) мувофиқ қаноатлантирилиши белгилаб қўйилди. Яъни мол-мулк бир пайтнинг ўзида бир нечта кредиторда гаровга олинган ҳолатда, гаров мулкига бўлган ҳуқуқлари тўғрисида гаров реестрига биринчи бўлиб ёзув киритган кредитор қарздорнинг гаровдаги мулки ҳисобидан ўз талабларини биринчи бўлиб (бошқа кредиторлардан олдин) қондиради ва шу тарзда календарь тартибда талаблар қондирилади.

Соддароқ тушунтирадиган бўлсам, сизнинг бир нечта кредитордан кредит қарздорликларингиз мавжуд ва улар таъминотига мулкингиз гаровга берилган. Сиз кредиторлар олдидаги мажбуриятларингизни бажаролмай қолдингиз ва кредиторлар гаровга қўйилган мулкингиз ҳисобидан ўз талабларини қаноатлантиришга қарор қилади. Агар ушбу гаров мулкига бўлган талаблар тўғрисида маълумотларни ким биринчи бўлиб гаров реестрига киритган бўлса, гаров мулки ҳисобидан ўша кредитор биринчи бўлиб ўз талабини қондиради ва шу кетма-кетликда давом этади.

Бунда гаров мулкка нисбатан ўз ҳуқуқлари тўғрисида гаров реестрига ёзув киритмаган кредитор талаблари реестрга ёзув киритган бошқа кредиторлар талаблари қондирилгандан сўнг кўриб чиқилади.

Ана энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг: кредиторда қарздорнинг гаров мулкига бўлган ҳуқуқлари тўғрисида ўз вақтида гаров реестрига ёзув киритишга хоҳиш пайдо бўладими? Бўлади! Бу эса кредиторга шу билан биргаликда қарздорга, яъни гаров мулки эгасига ҳам устуворликлар яратади.

 Бу устуворликлар нималардан иборат?

– Агар олдинги гаровга олувчилар томонидан гаров реестрига тегишли ёзув киритилган ҳамда олдинги шартномаларда навбатдаги гаров тақиқланмаган бўлса, гаровга қўйилган мол-мулк гаровга қўювчи томонидан бошқа талабларни таъминлаш учун гаровга (навбатдаги гаровга) берилиши мумкин.

Бунда гаровдаги мол-мулкини навбатдаги гаровга олувчи кредитор, қарздорнинг ушбу мол-мулки аввалги гаровга олувчилар билан биргаликда ўзи олдидаги (мазкур мол-мулк билан таъминланадиган) мажбуриятларини қоплаш имкониятини ўрганиб чиққан ҳолда мустақил қарор қабул қилади.

Шунингдек, олдинги гаров шартномасида навбатдаги гаров бўйича алоҳида шартлар назарда тутилган бўлса, навбатдаги шартнома бу шартларга риоя этилган ҳолда тузилиши керак. Кўрсатилган шартлар бузилган тақдирда олдинги гаровга олувчи шу туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплашни гаровга қўювчидан талаб қилишга ҳақли.

– Қарздорнинг солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан қарздорликлари, шунингдек, мол-мулкига бўлган талаблар тўғрисида давлат органлари томонидан ҳам гаров реестрига ёзувлар киритилиши мумкинми?

– Албатта, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 60-моддасига ҳамда Божхона кодексининг 348-моддасига биноан солиқ ва божхона тўловлари бўйича қарздорликлар белгиланган муддатда қопланмаган тақдирда, солиқ ёки божхона тўловлари бўйича қарзнинг суммасини кўрсатган ҳолда гаров реестрига ёзув киритилиши, шунингдек, ёзув қарздорлик тўлиқ қопланганидан ёки ҳисобдан чиқарилганидан кейин гаров реестридан ўчирилиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 290-моддасида мол-мулкни хатлаш тўғрисида қарор чиқарилгандан кейин суриштирувчи ёки терговчи бир кун ичида, мол-мулкни хатлаш ҳақида суд ажрими чиқарилганда ваколатли бўлган органлар томонидан уч сутка ичида гаров реестрига ёзув киритилиши тўғрисида қўшимча киритилди.

Ўзбекистон Республикасиниг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунига ҳам ўзгартириш киритилиб, унда мол-мулк хатловини амалга оширган давлат ижрочиси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда гаров реестрига тегишли ёзувни киритиши, хатлов бекор қилинган тақдирда гаров реестрига илгари киритилган ёзув давлат ижрочиси томонидан ўчирилиши ҳам белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, киритилган ўзгартишларда қарздор ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда, гаров предмети қиймати йўқолмаслиги, унинг бегоналаштирилиши (ўғирланиши, талон-торож қилиниши) олдини олиш ва тезроқ сотиш мақсадида ундирувини таъминот нарсасига суд буйруғи асосида қаратишнинг жорий этилиши белгиланган. Шу билан бирга, гаров предметини тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш, ижарага, лизингга бериш ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа усуллар орқали реализация қилиш мумкин.

– “Гаров реестри” ДУК томонидан фойдаланувчилар учун қулайликлар яратиш мақсадида ахборот тизимлари билан интеграция қилинганми?

– Албатта. Гаров реестрида фойдаланувчиларга қулайликлар яратиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 июлдаги “Микромолиявий хизматлар оммабоплигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда 2019 йил 9 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ гаров реестри базаси Адлия вазирлигининг “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими билан интеграция қилиниб, кредит ташкилотлари учун гаров реестри орқали мулкка тақиқ қўйиш ва ечиш, шунингдек, мулк тақиқланмагани ёки хатланмаганини текшириш имкониятлари яратилди.

Худди шундай, бугунги кунда гаров реестрини Ички ишлар вазирлигининг “Техпаспорт+права” тизимига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг ягона интеграллашган базасига интеграция қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Энди кредит ташкилотлари қарздорнинг мол-мулкига тақиқ бор ёки йўқлиги тўғрисида Адлия вазирлигининг “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими, Ички ишлар вазирлигининг “Техпаспорт+права” тизими ҳамда Давлат кадастри базаларидан ортиқча оворагарчиликларсиз онлайн тарзда маълумотлар олишлари ҳамда бирламчи бозордаги кўчмас мулк ва транспорт воситаларини олишда тузилган ипотека, гаров ва лизинг шартномалари бўйича мол-мулкка тақиқ қўйиши ёки ечиши мумкин бўлади.

Илғор халқаро амалиётларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган мазкур қонун билан кредиторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кучайтирилди. Янги меъёрлар кўчар мулкларнинг таъминот бозорига жадал кириб боришига, таъминот бозорининг гаров реестри орқали шаффофланиши ва бозорнинг барча иштирокчилари ўз хавф-хатарларини тўғри ва оқилона баҳолашига шароит яратиб, хорижий инвестицияларнинг фаол кириб келиши ҳамда кредитлар таваккалчилик даражаси ва харажатлар пасайишига, молиялаштириш бозори сезиларли ривожланишига йўл очиб бериб, хусусий тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради ҳамда Жаҳон банкининг «Бизнес юритиш» ҳисоботида мамлакатимиз халқаро рейтингини оширишга хизмат қилади.

ЎзА мухбири

ЎзА

Добавить комментарий