Аналитика

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 08.08.2017 йилдаги “Тадбиркорлар учун ўқув курслари ташкил қилиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 602-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази томонидан 2018 йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан
МАЪЛУМОТ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.04.2017 йил ПҚ-2897-сонли “Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан давлат муассасаси шаклидаги Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) ташкил қилинган ҳамда мазкур қарор билан Марказнинг асосий вазифалари белгилаб берилган.

Президент қарори ижросини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлар учун ўқув курсларини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 8 августдаги 602-сонли қарори қабул қилинган ва Марказнинг тузилмаси тасдиқланган. Қарорга асосан, Марказ ва Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида вилоятлардаги касб-ҳунар коллежлари базасида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли учун бепул ўқув курслари ташкил этиш белгиланган.

Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари ҳамда Давлат рақобат қўмитаси ҳудудий органларининг кичик саноат зоналарини ривожлантиришга кўмаклашиш бўлимлари билан биргаликда, 2018 йилда жами 660 та (2017 йилда 408 та) бепул ўқув курслари ташкил этилган. Ташкил этилган ўқув курсларида 13 974 нафар тадбиркорлик субъекти вакиллари ва аҳоли (2017 йилда 7004 нафар) бепул ўқитилган бўлиб, улардан курсларни муваффақиятли тугаллаган 10 583 нафар тингловчилар сертификатлар билан тақдирланганлар.

Ушбу ўтказилган ўқув курслари давомида тингловчилар “Тадбиркорлик фаолияти асослари” мавзусида ўзлари учун муҳим бўлган назарий билим ва кўникмалар олиш билан бир қаторда туманлар кесимида муваффақиятли фаолият юритаётган, юқори иқтисодий натижаларга эришган ва бошқа тадбиркорлик субъектлари томонидан эътироф этилган тадбиркорлар билан учрашув ва маҳорат дарсларини олдилар.

Бу борада Марказ ва Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўртасида Меморандум имзоланган бўлиб, унинг доирасида жорий йилнинг III-чорагидан бошлаб ташкил қилинаётган ўқув курслари тингловчилари учун муваффақиятга эришган таниқли тадбиркорлар иштирокида маҳорат дарслари ўтказиб келинмоқда. Ушбу ташрифларда корхоналар раҳбарлари томонидан тақдим этилган маҳорат дарслари орқали тингловчилар ўзларининг саволларига амалий тарздаги ахборотга эга бўлмоқдалар.

Марказ томонидан тингловчиларнинг ўқишдан кейинги фаолиятларини мониторинги йўлга қўйилган бўлиб, унинг натижаларига кўра, жорий йилда ташкил этилган ўқув курсларида зарур иқтисодий билим ва ахборотлар олган ҳамда ташрифлар мобайнида амалий кўникмаларга эга бўлган тингловчилардан 1232 нафари (2017 йилда 98 нафари) тадбиркорлик фаолиятини янгидан бошлаган бўлса, 613 нафар тадбиркорлик субъектлари (2017 йилда 1077 нафари) ўз фаолиятларини янада кенгайтирганлар. Ушбу тадбиркорлик субъектлари томонидан жами 17,9 млрд. сўм (2017 йилда 1,2 млрд. сўм) миқдоридаги банк кредит маблағлари ўзлаштирилган. Олинган маблағлар асосан жойларда саноат кластерларини ташкил этиш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, дурадгорлик устахоналари, тикув цехларини очишга йўналтирилган, шунингдек асаларичилик, чорвачиликни кенгайтиришга, ўқув маркази очиш ҳамда савдо шаҳобчалари ташкил қилишга сарфланган. Бунинг натижасида 2097 тадан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Жойларда ўқув курслари тингловчиларининг ўқув жараёнига инновациялар киритиш, юқори технологияларни қўллаган ҳолда ўқув курслари муддатларини узайтириб, “он-лайн” тарзда масофавий узлуксиз ўқитишни ташкил этиш бўйича таклифларни инобатга олиб, Марказ ва “Норма” профессионал ривожлантириш Маркази ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга кўра, биринчи босқичда, ёшларни тадбиркорликка кенгроқ жалб қилиш мақсадида, www.direktor.uz (www.biznes.uz) портали воситасида 11 босқичдан иборат молиявий саводхонлик бўйича “он-лайн” тарздаги курслар ташкил этилиб келинмоқда.

Шу билан бирга, ўқув курслари регламентида белгиланган ташкилотлардан ташқари кўчмас мулк билан боғлиқ масалаларини ҳал қилишда, 2019 йилдан бошлаб Ергеодезкадастр давлат қўмитасининг тегишли мутахассисларини ўқитувчи сифатида жалб қилинишига келишиб олинди.

2018 йилнинг 20 июль куни Марказ ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорлигида “Республика аҳолисининг кенг қатламларини тадбиркорликка йўналтириш бўйича ўқув жараёнларини такомиллаштиришнинг истиқболлари” мавзусида, ҳорижий экспертлар иштирокида, давра суҳбати ташкил этилди. Унда Марказда таҳсил оладиган тадбиркорларнинг билимлари ва омилкорликларини муттасил ошириб боришда янги интерактив ва масофавий методлар қўлланишининг имкониятлари муҳокама қилинди, шунингдек ХХРда ишлаб чиқарилган кичик технологиялар ва асбоб-ускуналарни банкларнинг микрокредитлари шарти асосида харид қилиш учун мақбул шароитлар яратиш масаласи кўриб чиқилди.

Шу билан бирга, Тошкент вилоятида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги аҳоли кўплигини ҳамда 19 та туманда кичик саноат зоналари ташкил қилиниши режалаштирилганлигини инобатга олиб, Марказнинг Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри бўйича ҳудудий филиали ташкил этилди.

Марказ филиаллари ходимларининг малакасини ошириш мақсадида, жорий йилнинг 7-8 сентябр кунлари Давлат рақобат қўмитаси мутасаддилари ҳамда “Норма” профессионал ривожлантириш маркази базасида, махсус ўқув семинари ташкил этилиб, масъул ходимлар тадбиркорлик курсларини самарали ташкил этиш борасидаги янгиликлар, масофавий ўқитиш методлари, янги ўқув қўлланмалари билан таништирилдилар. Семинарнинг иккинчи қисми махсус тренинг кўринишида ташкил этилди, шунингдек ходимларга “Азия-стар” Хитойнинг кичик технологиялари марказида кўчма дарс уюштирилди.

2019 йилда “Тадбиркорлик фаолияти асослари” бўйича ташкил этиладиган ўқув курслари сифатини ошириш мақсадида мамлакатда иқтисодий ислоҳотларнинг бориши ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорлари асосида 2019 йилдан амалга ошириладиган ўзгаришлар борасида Марказ ходимларини ҳабардор қилиш, малакасини муттасил ошириш учун, республика даражасида 10 дан ортиқ вазирлик ва идораларнинг мутахассисларини жалб қилган ҳолда, Тошкент шаҳрида 2018 йил 20-21 декабрда махсус малака ошириш курслари ташкил этилди.

2018 йил 16 ноябрда Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида “Alternatus” мунозаралар майдонининг “Бизнес учун яратилаётган имкониятлар: молиялашнинг альтернатив тизимлари, солиқдаги ўзгаришлар” мавзусига бағишланган мунозаралари ўтказилди. Унда иштирок этган мутахассислар ҳамда таклиф этилган халқаро экспертлар томонидан долзарб аҳамиятга эга тавсиялар билдирилди. Хусусан, тадбиркорлик субъектлари бизнесларини кенгайтиришлари учун зарур техника ва ускуналарни харид қилишда лизинг хизматларини кўрсатиш жараёнлари банк кредитларига қараганда бир мунча содда ва қулай эканлиги, масаланинг бошқа жиҳати тадбиркорлар томонидан банк кредитларини олишда жавобгарликлари юқори даражада талаб қилиниши муаммо эканлиги таъкидланди. Янги молиявий инструментларнинг пайдо бўлиши банк молия секторида таклиф этилаётган молиявий махсулотларнинг кўпайишига ва рақобатнинг ривожланишига, ўз навбатида банкларга аҳолининг маблағлар билан ҳисса қўшишига ёрдам бериши қайд этилди.

Ўзбекистонда ислом банк-молия тизими ривожланишининг мамлакатимиз учун бир қатор манфаатлар мавжудлиги, тадбиркорларимизнинг ислом банк-молия тизими доирасида фаолият олиб бориш истаги қондирилиши уларнинг иқтисодий фаолияти кучайишига, бу эса ўз навбатида янги янги иш ўринлари яратилишига олиб келиши, банк-молия муассасаларининг инвестицион лойиҳаларга сармоя жалб қилиш имкониятлари ошиши, қимматли қоғозлар бозорини ривожланишига ҳам ҳисса қўшиши, бошланғич сармояси бўлмаган тадбиркорларга, уларнинг илғор ғоя ва пухта ишлаб чиқилган бизнес режага эга бўлган инновацион лойиҳаларини (startup лойиҳалар) ишонч асосида молиялаштириш имкони юзага келиши, махсулот ва ҳизматлар бозорининг ривожланишига, бу эса ташқи бозорларга экспорт ҳажмини ошишига олиб келиши айтиб ўтилди.

Таклиф ва тавсиялар Қўмитанинг 2018 йил 26 декабрдаги 3012/02-35-сонли алоқа хати билан ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида
2018 йил 22 ноябрь куни Тижорат банклари фаолиятидаги тизимли муаммолар ва уларни банк тизими молиявий барқарорлигига ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланишига таъсири юзасидан ўтказилган мажлис Баёни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг 2018 йил 27 ноябрдаги 21863-хх-сонли топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида, банклар мижозлари бўлган тадбиркорлик субъектларини тадбиркорлик асосларига ўқитиш, бизнесни юритиш ва бизнес режалар тузишга ўргатишнинг ҳақиқий аҳволини танқидий муҳокама қилиш учун, жорий йилнинг
21 декабрида Қўмита биносида “Alternatus” мунозаралар майдонининг навбатдаги, “Бизнес-таълимни ривожлантириш ва аҳоли молиявий саводхонлигини ошириш муаммолари” мавзусига бағишланган мунозаралари ўтказилди.

Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Ўзбек-Япон маркази, “GroundZero” бизнес-акселератори, “Norma” компанияси, Инновация ва менеджмент маркази каби халқаро, давлат ва нодавлат таълим муассасаларидан келган 100 дан ортиқ мутахассислар томонидан мазкур масалалар муҳокама қилинди, давлат органлари учун республикада тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича бир қатор тавсиялар ва таклифлар ишлаб чиқилди ва Қўмитанинг 2018 йил
21 декабрдаги 2980/02-35-сонли алоқа хати ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

Марказ томонидан “Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастури доирасида ёшларни тадбиркорликка кенг йўналтириш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жойлашган олийгоҳлар базасида махсус “пилот” курслар (50% аудитория ва маҳорат дарслари, 50% молиявий саводхонлик бўйича он-лайн курслари) ташкил этилмоқда. Ушбу ўқув курслари, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта маҳсус таълими вазирлиги тизимидаги 17 та олийгоҳларида ўтказиб келинмоқда.

Бугунги кунга қадар республиканинг барча ҳудудларида жами 100 та бепул курс ташкил этилиб, уларда 4368 нафар ёшлар тадбиркорлик борасидаги зарур билим ва кўникмаларга эга бўлдилар, улардан 2005 нафари эса “он-лайн” курсларни муваффақиятли тамомлаганликлари боис, Марказнинг махсус сертификатлари билан тақдирландилар.

“Пилот” курслар ташкил қилинган қисқа даврда ушбу курслар тингловчилари бўлган 37 та ёш йигит ва қизлар ўз тадбиркорлик фаолиятларини бошлаб юборганлар. Улар томонидан жами 3,7 млрд. сўм миқдоридаги имтиёзли кредит ресурслари ўзлаштирилиши натижасида жойларда 307 та янги иш жойлари яратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 августдаги
ПҚ-3913-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Марказ ва Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўртасида Идоралараро ҳамкорлик битими имзоланди. Унга кўра Марказ банд бўлмаган ва ишсиз аҳолини ва ёшларни вазирликнинг буюртмасига асосан тадбиркорлик асосларига ўқитишни, шунингдек масофавий ўқитиш бўйича оф-лайн ва он-лайн курсларни ишлаб чиқишни таъминлайди. Шунингдек, “Ишга марҳамат” мономаркази базасида Марказнинг смарт-синфи ва коворкинг майдонини ташкил этишга келишиб олинди. Ҳозирда мазкур мономарказни лойиҳалаш-қурилиш ишлари давом эттирилмоқда.

Марказ томонидан халқаро молия институтлари, ҳорижий донор ташкилотлар ва тадбиркорларни ўқитиш бўйича чет эл мамлакатларидаги айнан шундай марказлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Осиё тараққиёт банкининг Тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда, Марказ томонидан 2018 йил 24-26 июль кунлари Тошкент шаҳрида “Марказий Осиёдаги давлат корхоналари учун ислоҳотлар стратегиясини ривожлантириш” мавзусидаги халқаро семинар ташкил этилди. Унда Япония, Корея Республикаси, Тайван, Таиланд, Арманистон, Озарбайжон, Қирғизистондан келган 30 га яқин мутахассилар билан давлат улушига эга тижорат корхоналарида бошқариш самарадорлигини ошириш, уларнинг мақсади, функцияси, давлат ва жамият эҳтиёжи учун зарур бўлган ижтимоий-иқтисодий вазифалар муҳокама қилинди, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Шунингдек, Бирлашган миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда Марказ фаолиятини келажакда такомиллаштириш, жумладан тадбиркорлар учун масофавий ўқишни ташкил қилиш бўйича дастур лойиҳаси тайёрланиб, унга кўра 2018-2020 йиллар оралиғида ушбу мақсадлар учун жами 200 минг АҚШ доллари ҳажмида молиялаштириш кўзда тутилган. Ҳозирги пайтда ушбу лойиҳада Ўзбекистон тарафининг молиявий иштирокини хал этиш талаб этилади.

Марказ, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда бизнесни алтернатив молиялаш хусусан ислом банкинг тизимини татбиқ қилиниши фойдаланилмаётган ресурс эканлигини инобатга олиб, бу борада бир неча халқаро ташкилотлар билан музокалар олиб борди. Ўтказилган учрашувлар натижасида Хусусий тармоқни ривожлантириш Ислом корпорацияси ва Халқаро молия корпорацияси Ўзбекистонда ислом банк инфраструктураси ва молия тизимини жорий қилиш юзасидан тадқиқот олиб боришни қўллаб-қувватлашлари мумкинлиги маълум бўлди. Бугунги кунда, мазкур масалада Марказнинг ташаббусини қўллаб-қувватлаш, жумладан тадбиркорлар ва тингловчилар ўртасида сўровнома ўтказиш борасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига мурожаат қилинди. Хусусан, Қўмита томонидан Ислом тараққиёт банкига мазкур ташаббусни қўллаб қувватлаш юзасидан 2018 йил
26 декабрда 3005/02-35-сонли хат билантегишли таклифлар киритилди.

Марказ ва Ўзбек-Хитой савдо ассоциацияси ўртасида аҳолини тадбиркорликка ўқитиш ҳамда соҳага илғор Хитой тажрибасини тадбиқ қилиш бўйича музокаралар олиб борилиб, 2018 йилнинг 11 июль куни Ҳамкорлик тўғрисидаги 5 йилга мўлжалланган меморандум имзоланди. Унга кўра Хитойлик ҳамкорлар Марказга “Бир белбоғ – бир йўл” йўналиши бўйича грантларни жалб қилиш, тадбиркорлик курслари тингловчилари учун Тошкент вилоятида кичик технологиялар кўргазмасини ташкил этиш, курсларга ҲХРнинг малакали тренерларини жалб қилиш кўзда тутилган.

Ўқув курслари жараёнида тадбиркорлар-тингловчилар ўртасида ўқув курслари услубияти ва сифати бўйича доимий равишда сўровномалар ўтказилиб келинмоқда, уларнинг натижалари Марказ томонидан таҳлил қилиниб, умумлаштирилмоқда.

Хусусан, тўлдирилган сўровномаларни таҳлил қилиниши натижасида, Марказнинг фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан энг кўп учраган қуйидаги таклиф ва тавсиялар берилган:

— Бизнес-таълим бериш ва аҳолининг кенг қатламларини молиявий саводхонлигини ошириш масаласи умумиқтисодий масала бўлганлигини инобатга олган ҳолда, мазкур йўналишда давлат ва нодавлат таълим муассасалари раҳбарларидан ташкил топган консультатив орган (Бизнес таълим марказлари ва тренерлар уюшмаси)ни тузиш;

— Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Олий ва ўрта маҳсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлигига аҳолини тадбиркорликка ва молиявий саводхонликка йўналтириш бўйича Давлат дастури концепцияси ишлаб чиқишни тавсия этиш, бунда асосий эътиборни мактабгача таълим, мактаб дастури ва олий таълимнинг ноиқтисодий йўналишлари учун махсус дарслар ва факультатив тарзда амалга оширишни назарда тутиш, шунингдек, давлат ва нодавлат ўқув марказларида бизнес-таълим ва молиявий саводхонлик курсларини ташкил этишда давлат тилидаги контентни кенгайтиришга қаратиш;

— Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан бизнес таълим ва молиявий саводхонликни ривожлантириш мақсадлари учун халқаро ривожлантириш агентликларининг донорлик ва техник кўмаклашиш маблағларини кенгроқ жалб қилишда таълим марказларига амалий ёрдам кўрсатиш;

— ўқув курсларини ўқув жараёнига инновациялар киритиб, юқори технологияларни қўллаган ҳолда бевосита ҳар бир туман кесимида масофавий ва стационар тарзда амалга ошириш учун махсус мобиль (кўчма) смарт-синфларни автомобиллар базасида ташкил этиш;

— аҳоли учун ўқув курсларини бевосита ўзини ўзи бошқариш органларида, айниқса уюшмаган, ишсиз ёшлар учун ўтказиш;

— ўқув курслари жараёнида тингловчиларни Президентимиз ташаббуси билан тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва янада ривожлантиришда тадбиркорлар ва аҳолига тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар юзасидан ҳукумат қарорлари ва тегишли маъмурий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида ҳабардор қилиб бориш;

— ўқув курсларига олий таълим муассасаларидан маркетинг ва молиявий менежмент каби йўналишлар бўйича малакали мутахассисларни ва малакали бизнес тренерлар гуруҳини ташкил этиш орқали уларни ушбу ўқув курсларига доимий тарзда жалб қилиб бориш;

— бугунги тезкор давр талабидан келиб чиққан ҳолда, ижтимоий тармоқ орқали тадбиркорликка оид масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашиш бўйича гуруҳлар ташкил қилиб, муаммоларни доимий равишда бартараф этиш йўлларини излаш;

— тингловчиларни ноанъанавий банк хизматлари, микрозаёмлар, хорижий кредит линиялари, жумладан, ХХР, ЕИ, ИТБ кредит линиялари ҳақида хабардор қилиб бориш.

Шу билан бир қаторда, ўқув курслари жараёнида тингловчилар томонидан Республикада тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича энг кўп берилган саволлар ва муаммолар таҳлил қилинди ва шу асосида қуйидаги таклиф ва мулоҳазалар юзага келди:

— муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш борасидаги ишларни соддалаштириш, бу соҳадаги хизмат тарифларини қайта кўриб чиқиш;

— маҳаллий бозорни арзон маҳсулотлар билан тўлдиришда, кичик бизнес соҳасида ишлаб чиқарувчилар учун технологияларни келтириб, хориждан кириб келаётган товарларга божхона ва акциз ставкаларини қайта кўриб чиқиш;

— кредит тўловларини имтиёзли даврини узайтириш ҳамда фоизларни кредит шартномаси даврида қайта кўриб чиқмаслик;

— тижорат банклари кредитларини олишда гаровга олинадиган мол-мулкларни нотариуслар томонидан расмийлаштиришни соддалаштириш, суғурта компаниялари бадалларини пасайтириш;

— қўшимча иш жойларини яратаётган бизнес субъектларига ишчилар сонини кўпайтирилганда солиқ миқдорини камайтириш ва камайтирилган солиқ ҳисобидан ишчилар маошларини кўпайтириш масаласини кўриб чиқиш.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 сентябрдаги
ПҚ-3928-сонли “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ўтказилган хатловлар натижасида аниқланган 48 мингдан ортиқ фаолият юритмаётган корхона ва объектлар, хусусан, давлат мулки объектларини ноль харид қийматда инвестиция киритиш шарти билан хусусийлаштириб, лойиҳаларни амалга ошираётган ҳамда ташкил этилаётган кичик саноат зоналарида фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлик субъектлари, доимий равишда Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази томонидан жойларда ташкил этилаётган “Тадбиркорлик фаолияти асаослари” ўқув курсларига жалб қилиниши жиддий назоратга олинган.

Тадбиркорлик субъектлари вакилларини ихтисослаштирилган ўқув курсларига жалб этиш орқали уларнинг билим ва кўникмаларини оширишга, ишлаб чиқариш жараёнида юзага келадиган муаммоларга ечим топишда амалий ёрдам кўрсатиш асосий чора тадбирлардан бири ҳисобланади.

Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика марказининг интернет тармоғида www.alternatus.uz WEB — саҳифаси ҳамда ижтимоий тармоқларларда махсус каналлари ишга туширилган бўлиб, бу орқали марказ фаолияти билан бевосита танишиб бориш, соҳага оид янгиликларни кузатиш, савол ва таклифларни юбориш ва ўқув курсларида иштирок этиш учун он-лайн рўйхатдан ўтиш имкониятлари яратилди.

“Тадбиркорлик фаолияти асослари” ўқув курсларига аҳолини янада кенгроқ жалб қилиш мақсадида, Марказ оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Жумладан, “Ўзбекистон” телеканалининг “Ахборот-24” информацион дастури, “Ёшлар” телеканалининг “Давр” информацион дастури, “UZREPORT TV” телеканали ва бошқа бир қанча телеканаллар, “Biznes Daily Биржа” газетаси ва www.gkk.uz сайти шулар жумласидандир.

Шу билан бирга, аҳоли ва тадбиркорлар учун ташкил этилаётган ўқув курслари жараёнини, муваффақиятли фаолият юритаётган корхоналарга ташрифлар ҳамда ўқув курсларини муваффаққиятли тамомлаб ўз бизнесини бошлаган тадбиркорлар фаолиятини, марказий телеканаллар орқали бепул ёритиб бориш заруратидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига тегишли топшириқ беришингизни сўраймиз.

Шунингдек, Марказ томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 августдаги 669-сонли қарорининг 3-иловаси
9-банди топшириқларини сифатли бажариш мақсадида “Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастури доирасида ёшларни тадбиркорликка кенг йўналтириш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жойлашган олийгоҳлар базасида ташкил этилаётган махсус курсларни, ўқув жараёнига инновациялар киритиш, юқори технологияларни қўллаган ҳолда муддатларини узайтириб, “он-лайн” тарзда масофавий, узлуксиз ўқитишни ташкил этиш бўйича келиб тушаётган кўплаб таклифларни инобатга олиб, дарс жараёнларини бевосита ҳар бир туман кесимида масофавий ва стационар тарзда амалга ошириш, яъни махсус мобиль (кўчма) смарт-синфларни “Дамас” русумли автомобиллар базасида ташкил этиш учун 14 та махсус мобиль смарт-синфларни зарур техника ва транспорт воситалари билан таъминлаш мақсадида “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси томонидан молиявий кўмак кўрсатиш масаласини кўриб чиқишингизни сўраймиз.

Ҳудудий филиаллар томонидан ташкил этилаётган “Тадбиркорлик асосларини ўқитиш” курсларида янада самарали натижаларга эришиш мақсадида жойларда ўрганишлар ўтказиш ва амалий ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш белгилаб олинган.